Алишер Усмонов ўз маблағларини Хитой ва Ҳиндистонга йўналтиряпти
Россиялик ишбилармон Алишер Усмонов Хитой ва Ҳиндистонга йўналтирилган технологик инвестицияларга умид боғламоқда. “Vedomosti.ru” тарқатган хабарга кўра, Усмоновнинг “Alibaba” интернет-ритейлерига (Хитой) қилган инвестицияларининг даромадлилиги 500%дан ошган.
Усмоновнинг “Alibaba”даги улуши қанчалиги номаълум. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, унинг “Alibaba”даги улуши унчалик “катта эмас, аммо биз учун етарли”. Эслатиб ўтамиз, Усмонов 2011 йилда “Alibaba Group”нинг акциядорига айланган эди. Компаниянинг капитализацияси $275,24 млрд.ни ташкил этади.
Шу йил март ойида Усмонов ўзига тегишли бўлган “Apple” ва “Facebook” акцияларини сотиб, Хитой технологик компанияларининг қимматли қоғозларини сотиб олгани ҳақида хабар тарқалганди. Айтиш жоизки, Хитой компаниялари А.Усмоновнинг интернет соҳасидаги инвестициялар портфолиосининг 70-80% ни эгаллайди. Маблағларнинг катта қисми “Alibaba Group”, “JD.com” ва ўсиш салоҳияти катта бўлган бошқа компанияларга қўйилган.
«Мен “Facebook” тармоғига қойил қоламан, бироқ унга “аривидерчи” дедим», — деди А. Усмонов CNBC телеканалига берган интервьюсида.
Шунингдек, у Хитойнинг унча қиммат бўлмаган смартфонларни ишлаб чиқарувчи “Xiaomi” компаниясига ҳам инвестиция қилган. Унинг фикрича, ушбу компания “бўлғуси технологиялар гиганти” ҳисобланади. “Биз бу компанияга жиддий ишонамиз, биз ҳар доим бу компанияга инвестиция йўналтиришга тайёр бўлганмиз. Биз бу компания асосчисини жуда яхши биламиз. Ва биз бундай компанияларга инвестиция қилишда давом этамиз”, — дейди Усмонов.
Шу билан бирга, Усмонов Ҳиндистонга йўналтирилган технологик инвестицияларга ҳам эътибор қаратади. “Ҳозир биз буни кўриб чиқяпмиз. Мен ривожланаётган бозорларга етарлича баҳо берилмаган деб ҳисоблайман”, – дея қўшимча қилади тадбиркор.
Усмоновнинг ўзбек компанияларига қилган инвестициялари ҳақида ҳозирги кунга қадар ҳеч қандай маълумот йўқ.
Шарҳлар