Ниманидир йўқотсак, бошқасига эга бўламиз

Ниманидир йўқотсак

Бу йил Россияда ўзбек автомобилларининг савдоси қарийб 30%га қисқарди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолияти давомида билдирди, деб ёзади “Ведомости” нашри.

Ғаниевнинг сўзларига кўра, рубль девальвацияси билан боғлиқ Россия бозоридаги ноқулай вазият, хусусан, миллий авто ишлаб чиқарувчини ҳимоя қилиш бўйича қатъий чоралар бундай кўрсаткичнинг асосий сабаби ҳисобланади.   

«Дискриминацион чоралар, хусусан Россия компанияларининг автомобилларини премиал утилизация қилиш жорий этилмоқда», — дейди Ғаниев.
 
Ўзбекистон томони эса ўзбек автомобилларининг экспортчилари учун автокредит масалаларида ҳам тенг шароитларни яратиш талабида турмоқда.

 Ҳукуматлараро комиссия якунлари бўйича имзоланган баённомада томонларнинг вазирликлари ва ваколатли идораларига 2015 йил 1 майга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автотранспорт воситаларининг Россия бозорида сотилиши билан боғлиқ масалалар бўйича икки томонлама маслаҳатлашувларни ўтказиш топширилди.  

Қайд этиб ўтамиз, “GM Uzbekistan” экспортининг 90%дан ортиғи Россия бозорига тўғри келади. 2014 йилнинг 9 ойи ичида Россияда “GM Uzbekistan”да ишлаб чиқарилган 33472 та автомобиль сотилган, бу 2013 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 32%га кам. Бу йил октябрь ойида 1819 та автомобиль сотилган, ўтган йилнинг октябрь ойида эса ушбу кўрсаткич 5921 та машинани ташкил этган эди (пасайиш 3,3 баравар).

Бундан олдин “GM Uzbekistan” ўтган йили автомобиллар ишлаб чиқаришини 4,5% га ёки 246 031 тагача кўпайтиргани хабар берилганди. Жорий йилда автомобиль ишлаб чиқариш 250 000 тагача кўпайиши кутилмоқда.

Anhor.uz таҳририяти автомобиллар ишлаб чиқаришини ошириш ички бозорни талабларини қондиришига ва автомобиль пулини тўлаб қўйгандан сўнг 3-16 (!) ой навбатда турмаслигига умид қилади.

Шунингдек, Ўзбекистон банкларининг кўпчилиги жисмоний шахсларга автокредитлар тақдим этмаслигини ҳам қайд этиб ўтишни истардик.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.