Қирғизистон президентининг ишончи комил, Ўзбекистон эса аввалгидай қарши
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Қирғизистонда янги ГЭСларни қуриш бўйича РФ билан режалаштирилган ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг барчаси амалга ошишига ишонч билдирди.
Қирғизистон ва Россия 2012 йилда Норин дарёсида Қамбарота ГЭСи-1 ва кичик ГЭСлар каскадини қуриш ҳақида келишиб олганди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун “Қамбарота ГЭСи-1” деб номланувчи Россия-Қирғизистон компанияси ҳам ташкил этилди. Ушбу компания акцияларининг 50% «Интер РАО ЕЭС»га тегишли. Қамбарота ГЭСи-1 да ўртача йиллик электр энергиясини ишлаб чиқариш 4,3 млрд.КВт соатдан зиёдни ташкил этади.
Фотосурат: president.kg
«Қамбарота-1 — ноёб лойиҳа бўлиб, у бизга ҳам, қўшниларимизга ҳам жуда керак. Лойиҳа қишда сувни тежашга қаратилган бўлиб, бу тежалган сувни баҳорда суғориш ишларига сарфлаш имконини беради. У амалга ошишига ишончим комил», — деди Атамбаев Қирғизистон телевидениеси журналистларининг саволларига жавоб берар экан. Унинг фикрича, “Ўзбекистон эртами-кечми ушбу лойиҳанинг фойдасини тушунади ва тан олади, айтгандай, у совет даврида Тошкентдаги илмий-тадқиқот институтида ишлаб чиқилган”.
Шу билан бирга Атамбаев лойиҳани амалга ошириш ишлари бир қатор ҳал этилмаган масалалар туфайли тўхтаб қолганини тан олди. “Ҳозиргача ҳал этилмаган масалалар бор, масалан, тўғон баландлиги бўйича”, – дейди у. РФ энергетика вазири Александр Новак, ўз томонидан, октябрь ойи охирида лойиҳанинг ТИА тўғон баландлиги бўйича иккита вариантда ишлаб чиқилганини билдирганди. Новакнинг сўзларига кўра, лойиҳани молиялаштириш манбалари билан боғлиқ масала ҳам ҳал этилмаган; бу борадаги қарор яқин кунларда қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг тоғли ва сейсмик жиҳатдан фаол зоналарида кенг кўламли ГЭСлар қурилишига расман қарши чиқмоқда. Ўзбекистоннинг фикрича, бундай улкан иншоотларни барпо этиш технологик, ижтимоий, экологик ва ижтимоий-иқтисодий хавф-хатарларни келтириб чиқаради.
Фотосурат: rushydro.ru
Шарҳлар