Ислом Каримов: “…Нуроний кексаларимиз намоён этган фидойиликни биз ҳамиша катта миннатдорлик билан эслаймиз”
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимда маъруза қилар экан, тинчлик ва барқарорликни сақлашда фахрийлар, катта авлод вакилларининг ролини алоҳида қайд этди, дея хабар беради Президент матбуот хизмати.
Хусусан, Ислом Каримов шундай деди: Турли соҳаларда эришаётган ютуқларимизда ота-оналаримиз, мўътабар қарияларимизнинг унутилмас ва улкан хизмати борлигини, биз улар олдида умрбод қарздор эканимизни унутмаслигимиз, қўлимиздан келганича уларнинг оғирини енгил, умрини узоқ қилишни ўзимизнинг инсоний бурчимиз, деб билишимиз лозим.
Ватанимизнинг мусаффо осмонини асрашда, ҳар қандай офатларни остонамизга йўлатмаслик, она юртимизни фашизм балосидан ҳимоя қилишда кекса авлод вакилларининг қандай жасорат кўрсатгани, фронт ортида меҳнат қилиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшгани, мамлакатимизни тиклаш, унинг ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий, ҳам маданий-маънавий салоҳиятини оширишда нуроний кексаларимиз намоён этган фидойиликни биз ҳамиша катта миннатдорлик билан эслаймиз.
Бугун фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш, ҳар қайси кекса одамнинг юрагига етиб бориш, кўнглини кўтариш, шу билан бирга, уларнинг ҳаётини мазмунли қилиш йўлида олиб бораётган ишларимизни кучайтириш, самарасини ошириш зарур.
Халқимизнинг қадимий ва шонли тарихини узвий давом эттиришга, шу тарихнинг ўчмас саҳифаларини, аждодларимизнинг буюк меросини, қадрият ва урф-одатларини ёшларимизга етказиш, ҳаётимизни тобора поклаш ва файзу баракали қилишда, бир сўз билан айтганда, уни маънавий юксалтиришда, бугун Яратганнинг бизга берган ҳар бир кунини маъноли ва сермазмун ўтказишда беқиёс ҳисса қўшаётган ота-боболаримизга ҳар томонлама ҳурмат, эъзоз ва эҳтиром кўрсатиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз, деб ўйлайман.
Бугунги кунда мамлакатимизда 60 ёшдан ошганлар сони 2 миллион 873 мингдан кўпроқ кишини ташкил этади. Мустақиллик йилларида халқимизнинг ўртача ёши 1990 йилдаги 67 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга етди.
Айни пайтда юртимизда 225 минг нафар 80 ёшдан, 44 минг нафар 90 ёшдан, 8 минг 700 нафар – шунга эътибор беринг – 100 ёшдан ошган табаррук қариялар яшамоқда. Улар орасида 3 минг 109 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 69 минг 994 нафар фронт ортида меҳнат қилган инсонлар борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бу ниманинг исботи? Бу аввало, истиқлол даврида халқимизнинг турмуш даражаси ва сифати тобора ортиб бораётганидан, ёши улуғ одамларимиз яхши ният, эртанги кунимизга катта умид билан яшаётганидан, уларнинг қалби софлигидан далолат беради.
Хонадонларимиз кўрки бўлган пири бадавлат кексаларимизни ҳар томонлама қадрлаш мақсадида мамлакатимизда катта ишлар амалга оширилмоқда.
Шу йилнинг ўзида уларга давлат бюджети ҳисобидан 11 триллион 618 миллиард сўмдан ортиқ пенсия, 105 миллиард сўмдан зиёд нафақалар тўлангани бунинг амалий тасдиғидир.
Дунёдаги камдан-кам давлатлар қаторида бугунги кунда давлатимиз пенсияга ажратадиган маблағнинг миқдори ўртача ойликнинг 41 фоиздан зиёдини ташкил этиши ҳам шундан далолат беради.
Бу борада 2014 йил 13 октябрда қабул қилинган “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига асосан уларни ижтимоий ҳимоялаш, хусусан, йилда бир марта ўзлари учун мақбул муддатларда санаторий-соғломлаштириш муассасаларида давлат ҳисобидан даволаниш имкони яратилгани сизларга яхши маълум, деб ўйлайман.
Табиийки, анъанага айланиб қолган тартиб бўйича, 2015 йилга Кексаларни эъзозлаш йили деб ном беришимиз муносабати билан давлат дастури қабул қилинади ва бу дастурни амалга ошириш учун махсус ҳукумат комиссияси тузилади.
Мазкур дастурни ишлаб чиқишда бугунги кунда кекса авлод вакилларининг ҳаётига дахлдор бўлган, ҳали-бери ечилмаган муаммоларни ҳал қилиш, бир сўз билан айтганда, йилга шундай ном берганимиз ўзини амалда оқлашини дастурнинг асосий мақсади сифатида кўриш керак.
Фотосурат: victory.rusarchives.ru
Шарҳлар