Фарғона шаҳрида янги Санъат саройи очилди

Фарғона шаҳрида янги Санъат саройи очилди

Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Фарғона вилоят марказида бунёд этилган Санъат саройи 6 декабрь куни тантанали равишда очилди. 

Мазкур муҳташам кошона миллий ва замонавий меъморлик анъаналарини ўзида уйғунлаштирган. Эшик ва устунлари шарқона нақшлар билан безатилган. Томошабинлар учун барча зарур шароит ва қулайликлар яратилган. Саҳна атрофига замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилган. Қирқ гектар майдонда барпо этилган сўлим хиёбон, рангли чироқларда жилоланувчи мусиқали фаввора саройга янада чирой бағишлаб турибди, деб ёзади ЎзА 

Ушбу санъат кошонасининг очилиш маросими ҳақиқий байрам тусини олди. Унда турли вазирлик, идоралар ва жамоатчилик вакиллари, санъат ва маданият намояндалари иштирок этди. 

Шунингдек, маросим давомида Ўзбекистон Мустақиллигининг 23 йиллик байрами арафасида Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланган юртдошларимизга ушбу мукофотлар топширилди. 

Шу ўринда давлат раҳбарининг 2011 йил 15 ноябрдаги “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида шаҳарда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганини қайд этиш жоиз. 

Бундай ишлар самарасида Фарғона шаҳрининг маркази қайтадан бунёд этилди. Шаҳар атрофида кичик халқа йўли қурилди. Йўл бўйларига ҳудуднинг табиий-иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар экилди. Мустақиллик ва Аҳмад Фарғоний кўчаларида ландшафт архитектураси асосида Каштанлар хиёбони ташкил этилди. Бу шаҳар ҳавоси мусаффолигини таъминлаб, аҳолининг ҳаёт сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда. 

Замонавий уй-жойлар, 20 минг ўринли стадион, Сув спорти мажмуаси ноёб меъморий ечими, ўзига хос дизайни билан Фарғона шаҳри кўркига кўрк қўшди. 
Фарғона аҳли азалдан санъат ва маданиятни юксак қадрлайди. Вилоятда 4 театр ва 14 музей, 1628 кутубхона ва ахборот-ресурс маркази фаолият кўрсатмоқда. 
Фарғона шаҳрида бунёд этилган Санъат саройи вилоят аҳли учун яна бир туҳфа бўлди.

Фотосурат: ЎзА.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.