Молиявий талаблар тартибга солинади, ҳарбий-техникавий ёрдам ошади
Россия Президенти Владимир Путин, бугун, 10 декабрь куни, расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Музокаралар чоғида томонлар, хусусан, ўзаро молиявий эътирозларни тартибга солиш масалаларини ҳам кўриб чиқиши керак.
РФ президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг журналистларга берган маълумотига кўра, икки томонлама музокаралар давомида томонлар савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик масалалари бўйича ўзаро фикр алмашадилар. Шунингдек, минтақавий хавфсизлик бўйича долзарб муаммолар муҳокама қилинади, дея хабар беради “Россия сегодня” нашри.
Унинг сўзларига кўра, молиявий талабларни тартибга солиш тўғрисидаги келишув Ўзбекистоннинг қарзини камайтришни кўзда тутади, Ўзбекистон эса қолган қарзларини бир марталик тўлов билан узади. “Бизнинг айрим ҳисоб-китобларимизга кўра, ноябрь ойи ҳолати бўйича муддати ўтказиб юборилган тўловлар миқдори қарийб 890 млн долларни ташкил этади, улардан 500 миллиони – асосий қарз, 388 миллионга яқини – қарз учун ёзилган фоизлар”, – дейди РФ президентининг ёрдамчиси.
Ушаковнинг қайд этишича, битим имзоланганидан кейин бу борадаги барча ўзаро эътирозлар узил-кесил ҳал этилади. “Қайсидир маънода бу масала савдо-иқтисодий алоқаларни, айниқса молия соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни пайсалга солаётган эди”, – дейди у.
Битим РФ ва Ўзбекистон учун савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хусусан Россиянинг Ўзбекистонга ҳарбий-техник кўмагини ошириш, жумладан, қисман кредитлаш шартларида қурол-яроғ ва замонавий ҳарбий техника етказиб берилиши учун янги имкониятларни очади, дея қайд этади Россия президентининг ёрдамчиси.
Шунингдек, давлатлар раҳбарлари бошқа масалалар билан бир қаторда Қирғизистоннинг жанубий ҳудудларига ўзбек газини етказиб беришнинг тўхтатилиши билан боғлиқ муаммолар, Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш бўйича давлатлараро келишмовчиликларни ҳам муҳокама қилади. Бундан ташқари, халқаро масалалар, жумладан Афғонистондаги вазият бўйича ҳам ўзаро фикр алмашилади. “Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқининг фаолиятига қизиқиш билдирмоқда. Ташриф чоғида бу ҳақда ҳам сўз боради”, – дея қўшимча қилади Ушаков.
Мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдолар ҳажмини ошириш музокараларнинг устувор йўналишларидан бирига айланади. 2013 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 9,4%га ошган эдию бу йил январь-сентябрь ойларида эса, 2013 йилнинг шу даври билан солиштирганда, яна 8,2% га ўсиш кузатилди. Россия Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида биринчи ўринда бормоқда, айни пайтда унинг улуши 27,5%ни ташкил этади.
Фотосурат: «Россия сегодня».
Шарҳлар