Ўзбекистон ва Россия гиёҳванд моддаларнинг янги турларига қарши курашни кучайтиради
Ўзбекистон ва Россиянинг гиёҳванд моддалар тарқалишига қарши курашувчи тузилмалари янги турдаги гиёҳванд моддалар пайдо бўлишининг олдини олиш тизими доирасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиради, дея хабар беради “Россия сегодня” нашри Ўзбекистон ИИВнинг вакилига таянган ҳолда.
Куни кеча Ўзбекистон ИИВ ва Россиянинг Гиёҳванд моддалар айланмасини назорат қилиш бўйича федерал хизмати ноқонуний айланмадан олинган гиёҳванд моддалар ва психотроп воситаларни тадқиқ қилиш натижаларини ўзаро алмашиш тўғрисида баённома имзолади. Ҳужжат 10 декабрь куни РФ президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича имзоланди.
Мазкур баённома янги психотроп моддалар пайдо бўлишига янада тезкор жавоб қайтариш имконини беради, чунки бундай гиёҳванд моддалар жуда тез синтезланади, халқаро ташкилотлар эса уларга қарши курашиш бўйича глобал чораларни ишлаб чиқишга улгурмаяпти.
Синтетик гиёҳванд моддалар турларининг кўпайиши қолганларининг аллақачон назорат қилинаётгани билан шартланган. Янги гиёҳванд моддалар бир мамлакатда назорат қилинадиган моддалар рўйхатига киритилса, уларни ишлаб чиқариш бундай чоралар ҳали қабул қилинмаган қўшни мамлакатларга ўтказилмоқда.
Ҳозир Европа ва Жанубий-Шарқий Осиёдан МДҲ мамлакатларига синтетик гиёҳванд моддалар контрабандаси ошаётгани кузатилмоқда. Шу боис гиёҳванд моддаларнинг янги турларига қарши курашишда ўзаро ахборот ва тажриба алмашиш жуда муҳим.
Шарҳлар