“Аэрофлот” 2015 йилдан “Москва-Самарқанд” йўналишида парвозларни йўлга қўяди

“Аэрофлот” 2015 йилдан “Москва-Самарқанд” йўналишида парвозларни йўлга қўяди

Россиянинг “Аэрофлот” авиакомпанияси самолётлари 2015 йил 16 январдан бошлаб “Москва – Самарқанд – Москва” йўналишида қатнай бошлайди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизматига асосланиб “РИА Новости” ахборот агентлиги маълум қилади, деб ёзади “Кун” нашри.

Малумотга кўра ушбу йўналиш бўйича ҳафтасига бир рейсни амалга ошириш режалаштирилган. Парвозлар “Шереметьево” аэропортининг “D” терминалидан учувчи “Airbus 320” русумли самолётида амалга оширилади.

“Самарқанд шаҳри билан ҳаво йўллари орқали боғланиш авиакомпаниянинг ривожланиш дастурида белгилаб қўйилган эди”, – дейди “Аэрофлот” компанияси вакилларидан бири.

Қайд этиб ўтамиз, “Аэрофлот” авиакомпанияси ҳозирга қадар “Москва – Тошкент – Москва” йўналиши бўйича қатновларни амалга ошириб келмоқда.

Ноябрь ойи охирида Ўзбекистон ва Россия вакиллари ўртасида ўтказилган иқтисодий ҳамкорлик бўйича мажлисда икки давлат ўртасидаги транспорт алоқалари бўйича масалалар ҳам ҳал қилинган ва ўша учрашувдаги муҳокамалар натижасида Ўзбекистон томони “Аэрофлот” компаниясига “Москва – Самарқанд – Москва” йўналишида парвозларни йўлга қўйиш учун рухсат берган ва бунинг эвазига “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси “Тошкент – Владивосток – Тошкент” йўналишида парвозларни амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритган эди.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.