Тошкент метрополитени ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди
Пойтахт метрополитени ходимларига нисбатан катта пул маблағларини ўғирлаганлик ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилди. Терговда аниқланишича, номи ошкор қилинмаётган Тошкентдаги метро станцияларидан бирининг ходимлари уч йил давомида ҳисобга олинмаган жетонлар эвазига катта миқдордаги пулларни ўзлаштириб юборган. Бу ҳақда “Кун” нашри “Подробно”га таянган ҳолда маълум қилади.
Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси тергов бўлими ходимларининг маълум қилишларича, метрополитен турникетларига метронинг очилишидан ёпилишигача кун давомида ташланган жетонларнинг сонини қайд қилувчи қурилмалар ўрнатилган. Бу қурилмани ўчириб қўйиб, натижада турникетга ташланган жетонлар ҳисоб-китобини вақтинчалик қайд қилиниши тўхтатиб қўйиш мумкин, сўнгра ташланган жетонлар миқдорини фирибгарлар учун қулай миқдорда ҳисоблаб қўйиш мумкин бўлган.
Жетонларни бундай “нотўғри” ҳисобини олиб бориш ғоясини Тошкент метроси станцияларидан бирининг раҳбари Ҳамид Н. ўйлаб топган (жиноий иш иштирокчилари номи ўзгартирилган). У бир сменада ишлайдиган катта оператор Тамара Б. ва Альбина Д., операторлар Лариса Н. и Барно Ш., эскалатор бўйича навбатчи Севара М., назоратчи ходим Сарвар П. ҳамда электр механик Муслим Й. билан олдиндан тил бириктириб, уларга ҳисобга олинмаган жетонларни қўлга киритиб, сўнгра уларни сотиш мақсадида ким-нима иш қилишини тақсимлаб берган. Ўғирланган пуллар жиноятчилар орасида қўшган улушларига кўра бўлиб олинган.
Бу жараёнда электромеханик Муслим ҳар сменада турникетнинг ҳисоблагичлари симини ишдан чиқариб қўйган. Катта операторлар ва операторлар ўзларига қулай вақтда ҳисоблагичларнинг симини туташтириб, уни ўчириб қўйишган, сўнгра турникетдаги идишларни жетонлар билан тўлдиришган. Иш куни охирида жетонлар олиниб, қайта ҳисоб-китоб қилинган. Тамара ва Альбина ҳисобга олинмаган жетонларни ажратиб олишган. Жетонлар секин-аста сотилган ҳамда тушган пул жиноятчилар орасида тақсимланган. Кассага улар фақат ҳисобга олинган жетонлардан тушган пулларни топширишган. Уч йил давомида бу фирибгарлар яширинча ўн миллионлаб сўм миқдоридаги пулларни ўмаришнинг уддасидан чиқиб келишган.
Метрополитен раҳбарияти ушбу станциядаги бошқа сменалар билан фирибгарлар ишлаган сменадаги жетонлар миқдори орасида катта фарқни сезиб қолишган. Натижада текширув бошланган. Шу тариқа ўғирликлар фош этилиб, жиноий иш қўзғатилган.
Шарҳлар