Россиядан бензин экспортига қўйиладиган ярим йиллик тақиқ Ўзбекистонга тааллуқли бўлмайди

Фото: РИА

Россия бош вазири Михаил Мишустин 2024 йил 1 мартидан бошлаб ярим йилга бензин экспортига тақиқни маъқуллади. Бу ҳақда “РБК” ўз манбаларига таяниб хабар берди. Шунингдек, уларга кўра, биржада дизель савдоси нормативини 16 фоизгача оширишга ҳам қарор қилинган.

Экспортга вақтинчалик тақиқ Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари, Мўғулистон, Ўзбекистон, Абхазия ва Жанубий Осетияга етказиб бериш бўйича келишилган ҳажмларга тааллуқли бўлмайди.

Бензин экспортига вақтинчалик тақиқ жорий қилиш таклифи билан бош вазир ўринбосари Александр Новак мурожаат этганди. 21 февралдаги хатида у баҳорги дала ишлари, нефтни қайта ишлаш заводларидаги режали таъмирлашлар, шунингдек, ёзги таътиллар туфайли ички бозорда тез орада ёнилғига юқори талаб мавсуми бошланишини айтганди.

“Нефть маҳсулотларига талаб шов-шувли тарзда ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида чоралар кўриб, нефть маҳсулотлари ички бозорида нархларни барқарорлаштириш зарур”, — дея таклиф этганди Новак буни ёнилғи бозоридаги нархлар мониторинги маълумотлари билан асослаб.

Бош вазир ўринбосари Новакнинг вакили шундай қарор қабул қилинганини тасдиқлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.