Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида визасиз режим узайтирилди
Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқароларининг икки давлат ҳудудига визасиз кириши ва бўлиши яна узайтирилади. Чоршанба куни Қозоғистон Парламенти Мажлиси “Қозоғистон Республикаси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро бориб-келиш шартлари тўғрисидаги битимга ўзгаришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги баённомани ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллади, деб ёзади Қозоғистон ОАВ.
«Ушбу битим 2000 йилдан буён амалда бўлиб, икки мамлакат фуқароларининг визасиз кириш ва бўлиш тартибини кўзда тутади. Битимга иловада Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқароларининг давлатларимиз ҳудудига кириш, чиқиш ва бўлиш учун зарур бўладиган ҳужжатлар рўйхатлари тасдиқланди», – дейди ҚР ички ишлар вазири Калмуханбет Касимов.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистон ушбу рўйхатни янги ҳужжат турлари билан тўлдиришни таклиф қилган.
«Хусусан, ҳужжатлар рўйхатига қўшимча равишда дипломатик паспортлар, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортлари, 16 ёшга етмаган Ўзбекистон фуқароси гувоҳномаси, қайтиш сертификати киритилди», – дейди Қозоғистон ИИВнинг раҳбари.
Ўзбекистонда шунга ўхшаш баённома 2013 йилда кучга кирган эди.
Шарҳлар