8 ёшли қизчага нисбатан тегажоғлик қилган эркакка нисбатан жиноий иш қўзғатилди
2020 йил 15 июль куни Сайхунобод тумани ИИБ бошлиғи номига фуқаро О.Д ариза билан мурожаат қилиб, унда 2020 йилнинг 15 июль куни соат тахминан 13-00 лар атрофида вояга етмаган, 10.06.2012 йилда туғилган қизи С.Э.ни дўконга нарса олиб келиш мақсадида чиқарганлигини ёзади. Бу ҳақда Сирдарё вилоят ИИБ хабар беради.
Орадан 15-20 дақиқа ўтса ҳам қизи қайтиб келмаганидан сўнг, уни қидириб кўчага чиққан вақтида қизи, ўзлари яшайдиган жой яқинидаги 35-сонли умумтаълим мактаби томонидан чиқиб келаётганлигини кўрган. Сўнгра қизи билан биргаликда яшаш хонадонига келганида, қизи унга “дўконга бораётган вақтида унга нотаниш бўлган, кейинчалик «З» деб танилган бир йигит уни велосипедига миндириб, мактабга олиб борганлигини ва ўша мактабга борган вақтида у ҳожатхонага кириб, уни ҳам чақирганлигини, ўша ерда уни ўпиб, унга уятсиз ҳаракатлар қилганлигини айтади.
Она “З” исмли шахс вояга етмаган қизи С.Э. га нисбатан тегажоғлик қилганлиги сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришларини сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, мазкур жиноятни Сайхунобод тумани, Гулбулоқ маҳалласи, Ойбек кўчасида яшовчи, муқаддам судланган М.З содир этганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатда фуқаро М.Знинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 129-моддаси 1-қисмида назардат тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли, 14.08.2020 йилда М.Зга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирги кунда жиноят иши юзасидан Сайхунобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Шарҳлар