Адлия вазирлиги депутатларнинг Миллий гвардия томонидан тинтув қилиниши ноқонуний эканини билдирди

Адлия органлари Андижонда Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдаги йиғилишида депутатларнинг тинтувини ўтказган Миллий гвардия ходимларига нисбатан чоралар кўрилиши ҳақида тақдимнома юборди. Бу ҳақда UzNews нашри хабар беради.
 

Фотосурат: t.me/deputat_kusherbayev
 
Йиғилишда депутат Шуҳратбек Каримовни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиш масаласи муҳокама қилинган. У бир неча бор шаҳар ҳокимининг қарорларига қарши чиққан, бунинг натижасида уни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишган.

Адлия вазирлиги Миллий гвардия ходимларининг ҳаракатларини ноқонуний деб айтмоқда.
 

«“Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонунга кўра ҳар бир депутатга ўз ваколатларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароит кафолатланади. Шунингдек, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилиниши, депутатнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилган шахслар қонунга мувофиқ маъмурий, жиноий ёки ўзга тарзда жавобгар бўладилар», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли Қарори билан тасдиқланган Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий Регламентига мувофиқ сессиялар очиқ, ошкора ўтказилиши ва оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилиши, зарур ҳолларда Кенгаши ёпиқ сессия ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.

«Бироқ, мазкур Кенгаш сессиясида депутатларнинг дахлсизлиги бузилиб телефон ва овозли видеога олувчи мосламаларни олиб кириши тақиқланган ҳамда айрим депутатлар тинтув қилинган. Мазкур ҳолат бўйича адлия органлари томонидан ҳалқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашига ҳамда Миллий гвардия Андижон вилоят Қўриқлаш бошқармасига тақдимномалар киритилди. Унда, келгусида бундай қонунбузилишларга йўл қўйилмаслиги ҳамда айбдор шахсларга нисбатан чора кўриш сўралган», — дейилади Адлия вазирлигининг хабарида. 

Шунингдек, вазирлик адлия органларининг бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларини бажармаслик, шу жумладан ўз вақтида ёки тўлиқ бажармаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланганлиги ҳақида огоҳлантириб ўтган.

Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида Бош прокуратуранинг изоҳи
 

Шухратбек Каримов. Фото: Soyadagi siyosatchilar / Telegram

Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг депутати Шухратбек Каримовга айблов қўйиш ва уни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш учун асослар етарли бўлган, дея қайд этади “Газета” нашри Бош прокуратурага таянган ҳолда.
 
Бош прокуратура берган маълумотларга кўра, Андижон шаҳар прокуратураси томонидан 3 март куни «A. R. C.» МЧЖнинг (ягона асосчиси Шуҳратбек Каримов) мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов тегишлилиги бўйича Андижон шаҳар ИИО Тергов бўлимига юборилган. Улар Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ҳамда 229-моддаси (ўзбошимчалик) бўйича айбланмоқда.
 
«Alliance R.C.» МЧЖга Андижон шаҳар ҳокимининг 2017 йилдаги қарори билан Андижон шаҳар, Бўстон даҳаси, У.Юсупов кўчасида жойлашган 4.0 гектар ер майдони кўп қаватли аҳоли турар жой бинолари, коттеж типидаги турар жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шоҳобчалари, иссиқхоналар, умумий овқатланиш ва чойхона бинолари қуриш ҳамда мевали боғ яратиш учун ажратилган.

Бироқ, «Alliance R.C.» МЧЖ мансабдор шахслари ер ва шаҳарсозликка оид қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг талабларига амал қилмасдан ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бошлаган.

Бош прокуратуранинг қайд этишича, қурилиш ишларини лойиҳалаш ва рухсатномалар олиш учун асос ҳисобланган «Архитектура меъморий режалаштириш топшириғи» ни сохталаштириб, ҳоким қарорида кўрсатилган 4 гектар ер майдонига қўшимча равишда яна 6 гектар ер майдонини қўшиб олиб, жами 10 гектар ер майдонига қалбаки топографик чизма тайёрлашга эришган. Бунинг оқибатида мазкур 6 гектар ер майдони доирасида шаҳар ҳокимининг қарорларига асосан ер участкалари ажратилган тадбиркор ҳамда бир нечта фуқароларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқлари бузилган.

Аниқланишича, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний қурилиш қилинган 0.36 гектар ер майдонларини электрон аукцион савдоларида сотиш имконияти йўқотилган ва давлат бюджетига 190,8 млн сўм миқдорда зарар етказилган.

Тўпланган ҳужжатларга кўра, депутат Ш. К.ни айблаш учун асослар етарли деб топилиб, прокурор томонидан 6 май куни шаҳар прокурори томонидан халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашига депутатлик мақомидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритилган.

Тақдимнома 17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида кўриб чиқилиб, Ш. К.нинг депутатлик мақоми бекор қилинган. Иш бўйича тергов ҳаракатларини ҳар томонлама, тўла ва холисона ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Избоскан тумани прокуратурасига топширилган, дейилади хабарда.

Бош прокуратура, қонунчиликда тергов ҳаракатларига аралашиш, яъни уни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўтказилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлик учун тегишли жавобгарлик белгиланганлигини таъкидлаб ўтади.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликда  қуйида турувчи прокурорга кўрсатмалар бериш, унинг ҳар қандай процессуал қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳамда прокурорлар фаолиятини тегишли тарзда ташкиллаштириш ишларини фақат юқори турувчи прокурор амалга ошириши кераклиги қайд этилади. Бу ерда сўз, эҳтимол, Андижон ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров ҳақида бораётган бўлиши мумкин. Миллий гвардия маълумотларига кўра, у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига, шу жумладан ИИБ ва прокуратура ходимларига депутатлар металл излагичдан ўтаётган пайтда уларни кузатишни ва уларнинг телефонларини олиб қўйишни топширган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.