Афғонистон Ислом Республикаси делегацияси билан музокаралар ўтказилди

Афғонистон Ислом Республикаси делегацияси билан музокаралар ўтказилди

2017 йил 21 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Афғонистон Ислом Республикаси делегацияси билан учрашув ўтказди.

Делегация таркибидан Афғонистон Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳаниф Атмар, Президентнинг инфратузилмалар, кадрлар ресурслари ва технологиялар бўйича катта маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳумоюн Қаюмий, Президентнинг МДҲ мамлакатлари ва Россия билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Шокир Коргар ҳамда бошқа расмий шахслар ўрин олди.
 
Вазирликда икки томон кун тартибининг кенг қамровли масалалари муҳокама қилинди ҳамда халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан жорий йилнинг 8 июль куни ШҲТнинг Остона саммити доирасида ўтказган учрашуви давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
 
ТИВдаги суҳбатда Афғонистон Элчиси Сайид Шаҳобиддин Тимурий иштирок этди.
 
Афғонистон делегациясининг ташрифи дастурига кўра аниқ таклифларни кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистоннинг қатор вазирликлари, идоралари ва етакчи корхоналарида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган икки томонлама учрашувлар ўтказиш режалаштирилган, дея хабар беради ТИВ ахборот хизмати.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.