Амалдорлар нафақа олиш учун ариза қабул қилишга қўйилмайди
2020 йил 1 сентябрдан бошлаб ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва ва тайинлаш жараёни ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш процедураси “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бу ҳақда президент қарорида сўз боради.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ўзларининг ҳамда таркибидаги ташкилотларнинг хизматчилари ва ходимлари, уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи ва болалари) томонидан ижтимоий нафақалар ва кам таъминланган оилалар учун назарда тутилган бошқа давлат ижтимоий хизматларини олиш учун “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аризалар тақдим этишини чеклаш ва уларнинг кўриб чиқилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш топширилди.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими “Электрон ҳукумат” тизимининг таркибий қисми ҳисобланади. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратида тасдиқланган штат бирликлари доирасида фуқароларнинг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали ижтимоий нафақаларни тайинлашга оид мурожаатлари ва шикоятларини қабул қилиш бўйича шўъбаси ташкил этилади.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимини жорий этишнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:
– идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаш воситасида ўзаро ҳужжат алмашиш жараёнини автоматлаштириш орқали давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этиш учун зарур бўлган маълумотнома ва тасдиқловчи ҳужжатлар сонини тубдан қисқартириш;
– белгиланган мезонларга мувофиқ кам таъминланган оилаларнинг эҳтиёжмандлик даражасини объектив баҳолаш, давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этиш жараёнларини автоматлаштириш орқали қарорларни қабул қилишда субъектив ёндашувни бартараф этиш;
– аҳолининг эҳтиёжманд тоифаси таркиби ўзгариши динамикаси мониторинги ва таҳлилини юритиш, уларни баҳолаш мезонларини республика ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш;
– давлат ижтимоий хизматлари ва ижтимоий ёрдам олувчиларнинг доимий янгиланиб турадиган ягона маълумот базасини шакллантириш;
– манфаатдор вазирлик, идоралар ва ташкилотларнинг ўзларига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда хизматларни бепул ёки имтиёзли асосда тақдим этиши учун маълумот билан таъминлаш.
Шарҳлар