Америкалик экспертлар Ўзбекистондаги тўғонлар хавфсизлигини текширади

АҚШнинг гидротехника иншоотлари хавфсиз фаолиятини назорат қилиш бўйича мутахассислар гуруҳи Ўзбекистонга келди, деб ёзади “Дунё”.
 
Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, АҚШ армияси ҳарбий муҳандислар корпуси (United States Army Corps of Engineers, USACE) билан эришилган келишув доирасида гидротехника иншоотлари хавфсиз фаолиятини мониторинг қилиш бўйича кўп йиллик амалий тажрибага эга бўлган америкалик мутахассислар 15-28 март кунлари мамлакатимиз Сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, «Давсувхўжаликназорат» давлат инспекцияси ва бошқа тузилмалар вакиллари билан биргаликда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида жойлашган «Ҳисорак» ва «Тўпаланг» сув омборларининг ҳолатини ўрганади.
 
Мутахассислар ушбу гидротехника иншоотларининг бугунги ҳолати ва яхлитлигини ўрганади, уларнинг фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган хавфларни таҳлил қилади. Ушбу жараёнда объектларнинг техник ҳужжатларини ўрганиш билан бир қаторда тўғонларни замонавий ускуналар билан бевосита текшириш ҳам режалаштирилган. Тадқиқот натижалари асосида эҳтимолий носозликлар моделларини ишлаб чиқиш, уларнинг юзага келиши мумкин оқибатларини таҳлил қилиш, шунингдек, тўғонларнинг техник мониторингини ўтказиш ва хавфсизлик даражасини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.