Андижонлик депутатлар гуруҳи президентга мурожаат қилди
Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутатлари президентга маҳаллий кенгаш масъуллари томонидан ўзларига ўтказилаётган босим ва тазйиқлар ҳамда кенгашнинг қонун ва қонуности ҳужжатларга зид равишда чиқарилаётган қарорларидан норози эканлигини билдириб видеомурожаат йўллашди, деб ёзади “Kun.uz” нашри.
Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Жияновнинг сўзларига кўра, депутатлар яқинда бўлиб ўтган Андижон шаҳар кенгашининг 20-сессиясида депутат Шуҳратбек Каримовнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан шикоят қилишди, бироқ бир неча кун ўтган бўлишига қарамасдан «ҳали ҳам натижа йўқ».
Каримов мунтазам равишда шаҳарда ерларнинг ноқонуний ажратилишига ва ҳоким Баҳромжон Ҳайдаровнинг қарорларига қарши чиқиб келган, шунингдек у Бош прокуратурадан Андижон прокурорини аттестациядан ўтказишни сўраган. 17 май куни кенгаш Андижон прокурорининг тақдимномаси билан уни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилган. Бунга таъсисчиси депутат Шуҳратбек Каримов бўлган қурилиш компаниясига қарши жиноят ишининг қўзғатилиши сабабчи бўлган.
Мурожаат муаллифларининг фикрича, 17 майдаги сессия ноқонуний бўлган. Бундан ташқари, улар айрим мансабдор шахслар томонидан депутатларга босим ўтказилаётганидан ва маҳаллий кенгашлар депутатлари дахлсизлиги қўпол равишда бузилаётганидан шикоят қилган.
Хўжаобод тумани кенгаши депутати Элёрбек Абдураимов Андижон шаҳар кенгаши ҳаракатларини «қонунга зид» деб ҳисоблайди. Унинг таъкидлашича, ушбу ҳолат нафақат Андижон вилояти, балки бутун мамлакат депутатларига тегишлидир.
Унинг сўзларига кўра, «прокуратура қонун устуворлигини таъминлаш учун масъул орган сифатида шаҳардаги ноқонуний ҳаракатларни танқид қилган депутатнинг дахлсизлигини бузган».
«Бундан кўриниб турибдики, қонунни ҳимоя қилувчи органларнинг ўзлари бутун республикаг ўрнак бўлиш ўрнига президент қарорларига, ҳукумат қарорларига қарши чиқаяпти, деб ўйлайман. Депутатга бўлган ҳурматсизлик, бу — халққа бўлган ҳурматсизликдир. Чунки бу депутатни халқ сайлаган, ҳар бир депутатнинг ортида халқ турибди. Сенат раиси [Танзила Нарбаева] томонидан маҳаллий кенгашларга жуда кўп эътироз бўлаяпти. Қанақа? Маҳаллик кенгашлар ишламаяпти. Ишлаганнинг оқибати бундай бўладиган бўлса, қайси маҳаллий депутат ишлаши мумкин? Мана шу ҳолатга, мана, 15 кун бўлаяпти, лекин биз сессияга нисбатан жиддий, ижобий муносабатни кўрганимиз йўқ», — дейди у.
Хўжаобод вилоят кенгаши депутати Баҳодир Сайдалиевнинг айтишича, Андижон вилоятининг барча туман кенгашлари Шуҳратбек Каримовнинг депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинганидан норозилигини билдирган. Унинг фикрича, сессия «Андижон ҳокими ва прокурори сценарийси бўйича» ташкил этилган.
18 май куни куни Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси ушбу ҳодисаларни ўрганишни бошлаганини эълон қилган.
«Мурожаатда келтириб ўтилган важлар ўз тасдиғини топган тақдирда, қонунчиликка зид равишда қабул қилинган қарор Сенат томонидан ўрнатилган тартибда бекор қилиниши таъминланади, дея таъкидланади Сенат изоҳида», — дейилади "Газета" нашри тарқатган хабарда.
Скриншот: депутатлар мурожаатидан
Шарҳлар