Андижонликлар газ йўқлигига норозилик белгиси сифатида йўлни тўсиб қўйишди

Ижтимоий тармоқларда андижонликлар Ўзбекистон кўчаси ва Бобур шох кўчаси кесишган жойдаги йўлни тўсиб қўйишга уринаётганларини кўриш мумкин бўлган видеоролик тарқалди. Kun.uz нашрининг хабар беришича, воқеа 10 декабрь куни соат 19:20 да содир бўлган.
 
Воқеа жойига вилоят ҳокими ўринбосари Иброҳимжон Холматов, Андижон шаҳри ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров, сектор раҳбарлари, «Ҳудудгаз Андижон» мутасаддилари етиб борган. Аҳоли билан учрашув ўтказилиб, уларнинг шикоятлари тингланган.
 
«Ҳудудгаз Андижон» маълумотларига кўра, шу кунларда Андижон вилоятидаги аҳоли пунктларини табиий газ билан таъминлашда босимнинг кескин пасайиши кузатилмоқда. «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан тақдим этилган факсограмма маълумотига кўра, «Янгиер» компрессор станциясида авария ҳолатлари юзага келгани сабабли Фарғона водийсига газ келтирувчи магистрал газ қувурларида босим пасайиши кузатилган. Шунга кўра, Андижон вилояти, хусусан Андижон шаҳрининг Ҳамдўстлик МФЙ ҳудудида ҳам газ таъминотида узилишлар юзага келган ва бунинг натижасида 1,5 мингдан зиёд аҳоли хонадонларининг газ таъминотида қийинчиликлар вужудга келган.
 
Айни вақтда аҳоли пунктларидаги газ таъминотини тиклаш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Бундан олдин Бухоро вилоятининг иккита туманида аҳоли худди шу сабаб билан йўлни тўсиб қўйишга уринганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.