АОКА блогерларни “жамият орасида адоват қўзғатувчи” постларни тарқатишдан тийилишга чақирди
Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги 28 март куни Тошкент марказида бўлиб ўтган тартибсизликлар ва шу билан боғлиқ воқеалар ҳамда фикрлар юзасидан баёнот берди, деб ёзади “Газета” нашри.
«Сўнгги кунларда интернет тармоғидаги ахборот майдонида аҳолисининг қарийб 94 фоизи мусулмон бўлган Ўзбекистонда ЛГБТ ғояларини тарғиб қилаётган Миразиз Базаровнинг ноқонуний чақирувлари оқибатида жамоатчилик, хусусан бошқа блогер ва интернет фойдаланувчилари томонидан кескин эътирозлар, таҳдидлар юзага келмоқда», – дейилади баёнотда.
Якшанба куни содир бўлган воқеалардан олдин АОКА шундай воқеаларнинг олдини олиш бўйича чораларни кўрганди, дея маълум қилади агентлик.
«Агентлик мазкур ҳолатларни аввалдан тартибга солиш мақсадида Facebook ва Telegram ахборот ресурсларида 200 дан зиёд ўлдириш, зўравонлик ишлатиш таҳдидлари ёзилган постлар ҳамда изоҳлар мавжуд бўлган 54 та веб-сайтлар, веб-саҳифалар маъмурлари, блогерларга ЛГБТ ва бошқа шу каби номақбул оқимлар фаолиятини билиб-билмасдан тарғиб қилиш, ноқонуний кўча юришларига чорлашни тўхтатиш бўйича расмий хабарномалар юборди», — дея қайд этилади баёнотда.
Бундан ташқари, М.Базаровнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқий баҳо берувчи Ахборот ва коммуникациялар соҳасидаги эксперт комиссиясининг алоҳида хулосаси тайёрланган.
Шунингдек, «жамият ҳамда интернет фаоллари, айрим блогер ва журналистларнинг ҳолат юзасидан билдирган позициялари бўйича хулосалар шакллантирилади.
Агентлик барча блогерлар ва ижтимоий тармоқлар фаолларидан жамият орасида адоват қўзғатувчи, турли хил нопок ғояларни илгари сурадиган материал ва постларни тарқатишдан тийилишни сўрайди», — дейилади баёнотда.
«Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда фуқаролар орасига низо солиш, зўравонликка чақириш, ғазабга келтириш ва тартибсизликларни уюштириш билан шуғулланиб, ғайриқонуний ҳаракатларни содир этганлар белгиланган тартибда жазога тортилади», — дея қайд этишмоқда АОКАда.
Шарҳлар