Тошкентдаги намойишдан сўнг 12 киши ҳибсга олинди
28 март куни соат тахминан 15:00 да Тошкент марказида ЛГБТ фаолларига қарши намойиш бўлиб ўтди. Ижтимоий тармоқларда юз берган воқеанинг видеоёзувлари пайдо бўлди. Уларда бир неча ўнлаб эркакларнинг Форумлар саройи қаршисида йўлнинг ҳаракат қисмида юргани ва «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтгани акс этган, деб ёзади “Газета” нашри.
Фотосурат: Telegram/andijon_bugun
Кечқурун пойтахт ИИББ 12 кишининг қўлга олингани ҳамда ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми («Безорилик») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилганини хабар қилди.
ИИББ хабарига кўра, 3−4 нафар фуқаролар Т.С. исмли йигит ва Б.Р. исмли қизни ЛГБТ фаоллари деб гумонлаб, уларни уришга ҳаракат қилган.
«Ушбу фуқароларга 20−25 нафар бошқа шахслар қўшилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, безорилик ҳаракатларини содир этишган», — дейилади хабарда. Видеоёзувларда намойиш иштирокчилари кўпроқ эканини кўриш мумкин.
Ушбу ҳудудда хизмат қилаётган ИИББ ва Миллий гвардия ходимлари вазиятга аралашиб, икки ёшни ҳимоя қилган, уларга тан жароҳати етказилишига йўл қўймаган, дейилади хабарда.
«Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари туфайли низо кенгайиб кетишининг олди олинди ва оғир оқибатларга йўл қўйимади», — дея қайд этади ИИББ вакиллари.
Айни пайтда намойишни бошлаб берганлар ва унинг фаол иштирокчилари ҳибсга олинган. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. ИИББ таъкидлашича, “мазкур жанжалда диний мазмундаги низо бўлмаган”.
Шарҳлар