АОКА: Потребитель.uz қонун доирасида ҳаракат қилган
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Олий Мажлис Қонунчилик палатасига “Адолат” партиясидан номзод Адҳам Элтоевнинг Бош прокуратурага шикояти бўйича баёнот билан чиқди.
«Facebook ижтимоий тармоғидаги Potrebitel.uz гуруҳида жойлаштирилган материаллар асосида АОКА депутатликка номзод Адҳам Элтоевдан сўров олди.
Юқоридаги мурожаатга кўра, 2019 йил 18 декабрь куни соат 21:11 да Алишер Аҳмедов исмли фойдаланувчи Facebook ижтимоий тармоғидаги «Потребитель.uz» гуруҳида Адҳам Элтоевнинг фаолияти ва шахси ҳақида салбий шарҳлар ёзилган постни жойлаштирган. Хусусан, постда Адҳам Элтоев порахўр эканлиги ва одамларга яхшиликни раво кўрмаслиги ёзилган. Унга нисбатан “аблаҳ” сўзи қўлланган ва бундай одамлар депутат бўлишга ҳаққи йўқлиги таъкидланган.
Агентлик хабарни текшириб кўрди. Маълум бўлишича, ушбу материал Potrebitel.uz гуруҳининг маъмурлари томонидан 21:24 да, яъни пост чоп этилганидан кейин 13 дақиқадан сўнг олиб ташланган.
“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ: “веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер умумий фойдаланувдаги ахборотнинг ҳаққонийлигини у жаҳон Интернет ахборот тармоғидаги веб-сайтда ва (ёки) веб-сайт саҳифасида жойлаштирилишидан олдин текшириши ҳамда у ҳаққоний эмаслиги аниқланган тақдирда ахборотни зудлик билан ўчириб ташлаши зарур”.
Кўрсатилган ҳолатда Адҳам Элтоев порахўр бўлгани ва одамларга фойда келтирмаганига ҳеч қандай далил бўлмаган ва «Потребитель.uz» маъсури қонунга мувофиқ ҳаракат қилиб, ушбу постни ўз вақтида олиб ташлаган.
Айтиш жоизки, интернет, ижтимоий тармоқлар фаол ривожланаётган асрда, афсуски, инсон қадр-қимматини ҳақорат қилиш ва унинг шахсини камситишга уриниш ҳолатлари учраб турибди. Бу масалалар суд орқали ҳал этилиши керак. Асосийси – қонунларга амал қилиш ва тасдиқланмаган ахборот тарқалишини ўз вақтида олдини олиш. Бу бизнинг фуқаролик бурчимиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Админиятрацияси ҳузуридаги АОКА матбуот хизматининг раҳбари Ҳикматилла Убайдуллаев» .
Шарҳлар