АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги инвестицион муҳит ҳақида нима демоқда
АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида келтирилишича, Ўзбекистондаги инвестиция муҳитга давлат монополияларининг устунлиги, давлат харидларида шаффофликнинг йўқлиги ва давлат корхоналари томонидан шартнома мажбуриятларининг изчил бажарилмаслиги салбий таъсир кўрсатмоқда.
Иқтисодиётда давлат монополиялари устунлигини қисқартиришда Ўзбекистон ҳукуматининг сезиларсиз одимлаётгани, давлат харидлари амалиётида шаффоф бўлмаган амалиётнинг давом этаётгани ҳамда давлат муассасалари ва корхоналари томонидан шартномавий мажбуриятларга изчиллик билан риоя этилмаётгани мамлакатнинг инвестициявий муҳитига салбий таъсир кўрсатаётир.
Ушбу хулоса АҚШ Давлат департаментининг чоршанба куни чоп этилган дунёнинг 165 дан ортиқ мамлакатидаги инвестициявий муҳити тўғрисидаги йиллик ҳисоботида келтирилган, деб ёзади Газета.uz нашри.
Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистоннинг хусусий бизнеси ривожланиш дастурларини амалга оширишда маҳаллий ҳокимият органлари томонидан хусусий мулкни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинмаётгани хавотир уйғотади.
«Кичик корхоналар мол-мулклари ҳудудий ёки туман ҳокимиятлари билан яхши алоқаси бўлган компаниялар ёхуд улар томонидан қўллаб-қувватланаётган лойиҳалар фойдасига экспроприация қилинаётгани ҳақида хабар бермоқдалар. Интеллектуал мулк ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликнинг қўлланилиши ҳали-ҳамон етарли даражада эмас», — дейилади ҳужжатда.
Шу билан бирга, Давлат департаменти 2016 йилда ҳокимият томонидан бошланган либераллаштириш сиёсати ўз самарасини бераётганини таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистонга жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми 2018 йилда 1,6 млрд долларни ташкил қилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 4,2 млрд долларга етди. Мамлакат Жаҳон банкининг Doing Business рейтингида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида энг кўп ютуқларга эришган энг яхши 20 мамлакат қаторига кирди. Буюк Британиянинг The Economist нашри Ўзбекистонни 2019 йил мамлакати деб эълон қилди. 2020 йил февраль ҳолатига кўра, мамлакатда хорижий капитал иштирокидаги 10,6 мингдан зиёд компания фаолият юритган ва улардан 3000 таси ўтган йили ташкил этилган.
«Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хусусий сармоялар Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ривожланиши учун жуда муҳимдир, аммо ҳукумат инвестицияларни экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи соҳаларга йўналтиришда давом этмоқда», — дея қўшимча қилди АҚШ давлат департаменти.
АҚШ давлат департаменти инвестицион муҳит тўғрисидаги ҳисоботни АҚШ компанияларига бизнес тўғрисида ҳар томонлама ўйланган қарорлар қабул қилишда ёрдам бериш учун эълон қилади. Ҳисоботда хорижий инвестициялар учун очиқлик, ҳуқуқий режим ва шаффофлик, кўчмас мулк ва интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, коррупция, сиёсий муҳит каби омилларни ҳисобга олган ҳолда ташқи бозорлардаги шароитлар келтириб ўтилган.
Ўтган йилнинг декабрида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм сўнгги бир неча йил ичида мамлакатда бизнес муҳити яхшиланганини, аммо Америка компаниялари ҳанузгача қийинчиликларга дуч келаётганини айтган эди.
Шарҳлар