Асакада ўқувчи мурожаатидан кейин кўприкни таъмирлаш ишлари бошланди
Асакалик мактаб ўқувчисининг бузилган кўприк борасидаги ҳокимликка қилган мурожаати ижтимоий тармоқларда тарқалганидан кейин Амир Темур кўчасида жойлашган кўприкни таъмирлаш ишлари бошланди.
Маълум бўлишича, Амир Темур кўчасидаги 4К105 Асака-Қайрағоч-Ниёзботир автомобиль йўлида жойлашган бўлиб, Жаҳон банки гуруҳи ҳузуридаги Халқаро тараққиёт ассоциацияси иштирокидаги «Маҳаллий аҳамиятдаги минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида вилоятдаги 20 та кўприк қаторида таъмирланиши белгиланган. Қурилиш ишларини амалга ошириш тендер натижаларига кўра «Карвон йўли» МЧЖга топширилган, деб ёзади “Дарё” нашри.
Белгиланган режага асосан, 2020 йилнинг ноябрь ойида қурилиш ишлари бошланиб, кўприкка асфальт ётқизилган. Бироқ ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетиши натижасида қурилиш ишлари якунига етказилмаган.
«Узоғи билан бир ҳафта ичида қурилишни якунига етказамиз», – дейди Муҳаммаджон Азизов, лойиҳанинг назорат бўлими маҳаллий консультанти.
Лойиҳанинг яна бир консультанти Баҳром Алимовнинг сўзларига кўра, таъмирлаш ишлари учун 7 минг доллар ажратилган. Мутахассиснинг қайд этишича, таъмирлаш ишларини якунлаш учун яна қарийб 5 минг доллар талаб қилинади. Бунда мутахассисларнинг кўприкнинг пастки қисмида ёриқлар ва тешиклар борлигини аниқлаган.
Шарҳлар