Аёлга қўл кўтарган эркакка нисбатан “безорилик” моддаси бўйича иш қўзғатилди
Тошкент шаҳар ИИББ аёл кишини уриш акс этган видеога изоҳ берди. Идора маълумотларига кўра, воқеа 11 сентябрь куни Учтепа туманидаги Г-9 “а” мавзесида соат тахминан 16.00 да жамоат транспорти бекати яқинида содир бўлган.
«Номаълум шахс сабабсиз аёлнинг ёнига келиб бир неча бор унинг боши ва юзидан урган. Ҳодиса ҳақида фуқаролар яқин атрофда бўлган профилактика инспектори капитан Равшан Алимов ва патруль-пост хизмати ходимларига хабар беришган. Ходимлар воқеа жойига келиб ҳодиса иштирокчиларини Учтепа тумани ИИО ФМБ 7-сон ички ишлар бўлимига бўлиб ўтган ҳодиса тафсилотларини ҳужжатлаштириш учун олиб келишган. Шунингдек жабрланувчи 32 ёшли Евгения К.дан 102 рақамига қўнғироқлар кели тушган», – дейилади хабарда.
ИИО ходимлари аниқлашларича, аёлга ташланган киши маст ҳолатда бўлиб, нима учун бу ишни қилганини тушунтира олмаган. Мазкур шахс спиртли ичимлик таъсири остида маст эканлиги тиббиёт ходимлари томонидан тасдиқланди. Шунингдек суд-тиббий экспертиза ўтказилиб, унинг хулосасига кўра жабрланувчига енгил даражадаги бадан шикастлари етказилгани қайд этилди.
Айни вақтда айбланувчи маъмурий тартибда қўлга олинган. Мазкур факт асосида Учтепа тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277 моддаси 1 қисми бўйича (“Безорилик”) жиноий иш қўзғатилиб, ҳужжатлар Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлимига йўналтирилди.
Шарҳлар