Бахмалда туман ҳокими иштирокидаги тадбирда юпун кийинган ўқувчи қизлар совуқда қолдирилганига изоҳ берилди

Бахмалда туман ҳокими иштирокидаги тадбирда юпун кийинган ўқувчи қизлар совуқда қолдирилганига изоҳ берилди

Бахмалдаги Ахборот-кутубхона маркази очилишида ўқувчи қизларни совуқда юпун кийинтирган тадбир ташкилотчиларига огоҳлантириш берилди, деб ёзади Daryo нашри Бахмал тумани ҳокимлигига таянган ҳолда.
 
Ахборот-кутубхона маркази очилиш маросими тасвирланган суратларда туман ҳокими Муса Анарбоев ва бошқа мутасаддилар мавсумий қалин кийимда ҳамда уларнинг олдида ҳаво совуқ бўлишига қарамай, атлас кийим кийган қизчалар акс этган. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлди.
Ҳокимлик мазкур ҳолат юзасидан қуйидагича изоҳ берди.

«…Туман ҳокими ёш болалар совуқ кунда юпан кийинганини тадбирга ташриф буюрганидан кейин гувоҳи бўлган. Ҳаво совуқлиги боис очилиш маросими ташқарида тахминан 5-6 дақиқа давом этган.Тадбир якунлангач туман ҳокими тадбир ташкилотчиларига кичик йиғилиш ўтказди. Мазкур йиғилишда туман ҳокими тадбирни ташкилий қисми нега айнан бинонинг ичида ўтказилмагани юзасидан кескин муносабат билдирган.

Эътирозлар юзасидан расмдаги ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбат жараёнида мазкур ҳолатда фарзандларининг узоқ вақт ташқарида қолиб кетмагани сабабли эътирозлари йўқ эканлиги билдирилган. Тадбир ташкилотчиларига қонуний тартибда ўз хизмат вазифасини бажараётган вақт йўл қўйган камчиликлари юзасидан огоҳлантириш берилди», – дейилади туман ҳокимлиги хабарида.

Ҳокимликнинг ҳолат юзасидан берган изоҳида туман ҳокими қизчаларнинг юпун кийинганини тадбирга ташриф буюрганидан сўнг гувоҳи бўлгани айтилган. Лекин туман ҳокимлиги эълон қилган суратларда Муса Анарбоев қизчалар билан бирга суратга тушгани ҳамда у нутқ сўзлаётган вақтда улар ҳокимнинг ёнида турганини кўриш мумкин.

Аввалроқ Андижондаги 43-мактаб директори в.б. ва унинг маънавият-маърифат ишлар бўйича ўринбосари ўқувчилар совуқ ҳавода тарғибот акциясига чиқарилгани учун ишдан бўшатилганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.