Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси: «Суратга олиш вақтида болалар кўчада 2-3 дақиқа ташқарида қолган»
Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси совуққа олиб чиқилган болалар билан боғлиқ ҳолатга изоҳ берди. Бундан олдин ушбу ҳолатни болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман қоралаганди.
Мазкур хабар юзасидан Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб ҳолат ўрганилган. Ўрганиш якунлари бўйича қуйидагилар маълум бўлган:
«1. Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Андижон шаҳридаги 43-умумтаълим мактабига “Янги Ўзбекистон – Янгича дунёқараш” шиори остида мамлакатимизда кўзга кўринган зиёлилар, санъат, фан-маъданият ҳодимлари ҳамда фаол нуронийлардан иборат тарғибот гуруҳи ташриф буюрган.
2. Тарғибот гуруҳи вакиллари ташрифидан хабардор бўлган ўқувчилар (соат 11:25)да уларни кузатиш мақсадида йўлакка чиқишган. Ўтказилаётган тадбирнинг фотоальбомини яратиш мақсадида маҳалла фаоллари ва мактаб маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари уларни расмга олган. Ишчи гуруҳ расмдаги болалар билан қилган суҳбатида мана шу суратга олиш вақтида 2-3 дақиқа ташқарида қолишганлиги, сўнг устозлари томонидан танаффус вақти тугамасдан (соат 11:35гача) уларни синф хоналарига киришлари сўралганлиги таъкидланди.
3. Ишчи гуруҳнинг расмдаги ўқувчилар ва ота-оналар билан суҳбати жараёнида мазкур ҳолатда фарзандларининг узоқ вақт ташқарида қолиб кетмаганлиги сабабли эътирозлари йўқ эканлигини таъкидлашди.
Якуний хулосага кўра: Ҳар бир ўқувчининг мактабдаги вақтидаги саломатлиги ва хавфсизлигига кенг жамоатчилик вакиллари, блоггерлардан ҳам кўпроқ таълим соҳаси вакиллари жон куйдиришлари зарур эканлигини ҳисобга олиб 43-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчиси (Д.Насирдинов), мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари (С.Исманова)лар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси барча тизимда фаолият олиб бораётган раҳбарлар, ўқитувчилар ва ҳодимлардан мактабдаги ўқувчиларнинг ҳар бирига ўз фарзандидек даҳлдорлик туйғусида ёндошишни, уларнинг соғликлари ва хавфсизликларига таъсир кўрсатувчи мана шундай ҳолатларга йўл қўймасликларини сўраб қолади”, – дейилади Халқ таълими бошқармасининг хабарида.
Шарҳлар