Бизга Иванка Трамп эмас, Майк Помпео ташриф буюради
Вашингтонда ҳам, Тошкентда ҳам ҳафта янгилиги: бизга давлат котиби сифатида Иванка Трамп эмас, балки Майк Помпео ташриф буюради.
Душанба куни Помпео Сенатдаги республикачилар етакчиси Митч Макконеллга 2020 йилда Канзасда АҚШ сенатори ўрнига даъвогарлик қилмаслигини билдирди. (Помпеонинг қарори ҳақида биринчи бўлиб The New York Times хабар берди).
Президент Трамп ва Помпео ўтган йилнинг охирги ойида Помпео Канзасга қайтиши борасида биргаликда қарор қабул қилганди: Сенатдаги кўпчилик овозни сақлаб қолиш учун жаноб Трампга шу йил кузда Сенатда битта ортиқча ўринга эга бўлиш муҳим эди. Агар 56 ёшли Помпео, яъни канзаслик собиқ конгрессмен-республикачи, январь ойидаёқ ўзининг сайлов кампаниясини бошлаганида борми, она штати унга Сенатда ўринни кафолатлаган бўларди.
Бугун Помпео оддий давлат котиби эмас, у президент Трампнинг энг яқин маслаҳатчиларидан бири. Айнан Помпео ўтган ҳафтада Эрон генерали Қосим Сулаймонийни ўлдирган Трампнинг ҳаво зарбасини бериш ҳақидаги қарорида муҳим роль ўйнади.
Шундан сўнг Яқин Шарқда охирги 5 йил ичида мисли кўрилмаган кескинлик юзага келди. Бундай вазиятда Помпео ўз кун тартибини тубдан ўзгартирди. Хусусан, январь ойининг илк саналарида Тошкентда уни Ўзбекистон Президенти қабул қилишга тайёр эди. Шунингдек давлат котиби Афғонистон ва минтақада тинчлик ва барқарорлик соҳасидаги умумий манфаатларни батафсил муҳокама қилиш учун “С5+1” гуруҳи мамлакатларининг (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва АҚШ) ташқи ишлар вазирлари кенгашида қатнашиши лозим эди. Помпео янги «АҚШнинг Марказий Осиёдаги стратегияси»га мувофиқ муҳим режани эълон қилишни режалаштирганди.
Аммо бу режа Помпеонинг бошқа режалари каби Давлат департаментининг папкаларида қолиб кетди. У ўтган йилнинг охирги кунларида ҳеч қаерга бормаслигини, чунки Оқ уйда керак эканини билдирди. Кейин эса рақибларидан ортда қолмаслик учун зудлик билан Канзасда сайлов кампаниясини бошлаши лозим – бунинг учун у истеъфога чиқиши керак, буни президент ҳам маъқуллаган (кўринади).
Давлат котиби курсиси бизнинг қайноқ давримизда бўш туриши мумкин эмас. Президент Трамп (асосий вариант сифатида) ушбу лавозимга ўзининг катта маслаҳатчиси (ассистенти) Иванка Трампни кўзлаб қўйди. Айтиш жоизки, президентнинг қизи дадасининг бир нечта шов-шувли акцияларининг ташаббусчиси сифатида жаҳон дипломатияси тарихидан жой олишга улгурган. Шунингдек у ўтган йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида ҳам чиқиш қилганди. Унинг БМТда пайдо бўлиши журналистлар томонидан “эсни оғдирадиган” сифатида баҳоланганди. Бунинг устига у ёзувчи ҳам – унинг «The Trump Card: Playing to Win in Work and Life» деб номланувчи китоби 2009 йилда ишбилармонлар адабиёти бестселлерлари рўйхатидан ўрин олган.
… Тошкентда Иванка Трампнинг эҳтимолий ташрифи устида ўйлаб қўйишганди. Мамлакатларимизнинг тажрибага бой вазирлари бундай хоним билан суҳбатлашиши осон кечмаган бўларди… Аммо охири бахайр бўлди. Кеча жаноб Трамп Помпеони ўз лавозимида қолдиришга қарор қилди: “отларни кечувда алмаштиришмайди”.
Юрий Черногаев
Шарҳлар