Блогерлар маҳаллий банклардаги панжаралар ҳақида фикр билдирди

Бугун бир нечта машҳур блогер ва Телеграм-каналлар банклардаги панжаралар мавзусини кўтариб чиқди. Фаол фуқаролар агар шундоққина ёнида эшик очиқ турган бўлса, қўриқчилар кўп ва сигнализация ўрнатилган бўлса, банкка нега панжара керак деган саволни ўртага ташлашди ва ҳатто  ортиқча металл – бу шунчаки кимнингдир бизнеси бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилишди.
 
Бугун блогер Никита Макаренко ўз аккаунтларида маҳаллий банклардан бирининг фотосуратини жойлаштирди. Унда биринчи қават деразалари қора қўпол панжаралар билан тўлиқ ёпилган, бир вақтнинг ўзида мижозлар очиқ эшикдан кириб-чиқиб юришибди.
 
«Аммо савол туғилади. Агар эшиклар шишадан бўлса, нега биринчи қаватдаги деразаларнинг ҳаммасида панжара бор?», – дея савол қўяди блогер.
 
Блогернинг Фэйсбук ва Телеграмдаги обуначилари нафақат “банк ҳимояси”нинг устидан кулишган, балки панжараларни синфий ажратиш рамзи деб ҳам аташган.
 

Фотосурат: Никита Макаренко
 
Мавзуни бошқа жамоатчилик фаоллари ҳам қўллаб-қувватлашди. Ҳар қандай тўсиқларга қарши бўлган Бахтиёр Насимов ҳам “панжарали тўсиқлар”га қарши фикр билдирди ва уларни тунда тушириб қўйиладиган ва одамларни қўрқитмайдиган “рольставня”ларга алмаштиришни таклиф этди.
 
Кейинроқ «Банкир кундалиги» Телеграм-канали 2010 йилда Баҳодир Матлюбов (ИИВ) ва Файзулла Муллажонов (МБ) томонидан имзоланган йўриқнома ҳамон мавжудлиги ҳақида ёзди. Ҳужжатда банкларнинг биринчи қаватларида қалинлиги камида 16 мм бўлган сим чивиқдан тайёрланган панжараларни ўрнатиш мажбурий қилиб қўйилган.
 
Шунингдек канал банклардаги манбаларга таянган ҳолда Миллий гвардия панжараларсиз объектни қўриқлашга қабул қилмаслигини ҳам қайд этади. Аммо қабул қилгандан кейин айрим банклар панжараларни ечиб, уларни “рольставня”ларга алмаштириб қўяр экан. 
 
«Балки бу кимнингдир бизнесидир?», – дейилади хабарларда.
 
Ҳозирча вазирликлар ва идоралар блогерларнинг ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги постларига ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.