Болалар боғчаларининг фаолияти тикланганидан кейин улар қандай ишлайди

Болалар боғчаларининг фаолияти тикланганидан кейин улар қандай ишлайди

2020 йил 10 сентябрь куни Тошкентда Мактабгача таълим вазирлигининг конференцияси ўтказилди. Унда вазирлик мутахассислари мактабгача таълим муассасаларининг фаолияти тикланганидан кейин улардаги жараёнлар қандай йўлга қўйилиши ҳақида гапириб беришди.

Мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ) фаолиятининг тикланишига тоза сув захираси, ювувчи ва дезинфекцияловчи воситалар мавжуд бўлганида рухсат берилади. МТТни очиш учун Халқ депутатлари кенгашининг ва санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик соғлиғи хизматларининг рухсатномаси зарур бўлади.
 
«Болалар ва ходимларнинг саломатлиги ҳар доим Мактабгача таълим вазирлиги учун устувор вазифа ҳисобланган. Биз болаларнинг МТТга заруратсиз қатнашини тавсия этмаймиз. Кўрилган чораларга қарамасдан, бола учун ўз уйидан хавфсизроқ жой йўқ. Тарбияланувчининг МТТдаги ўрни сақланади. Шунингдек ота-оналар эркин қатнашни ҳам танлашлари мумкин.
 
7-14 сентябрь кунлари Тошкентда ва Тошкент вилоятида ҳар бир туманда биттадан МТТ очилади. Очилиш фақат Ҳалқ депутатлари кенгашлари ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик соғлиғи хизматларининг рухсатномаси, шунингдек мазкур МТТ тарбияланувчилари ота-оналарининг розилиги билангина амалга оширилади. 14 сентябрдан бошлаб ушбу жараён босқичма-босқич бутун республика бўйлаб амалга оширилади. Биринчи навбатда 5-7 ёшли болаларга мўлжалланган катта ва тайёрлов гуруҳлари ўз фаолиятини тиклайди. Бу 5 ёшгача бўлган болалар ижтимоий масофани сақлаши ва гигиена қоидаларига амал қилиши қийинроқ экани билан боғлиқ. Масалан, у бундан олдин бошқа болалар ўйнаган ўйинчоқни оғзига солиши мумкин. Ўрта гуруҳларнинг (4-5 ёш) очилиши октябрь ойига, кичик гуруҳларники (3 ёшли болалар учун) эса ноябрь ойига режалаштирилган. Муддатларга мамлакатдаги эпидемиологик вазиятга қараб ўзгартириш киритилиши мумкин», — дейди мактагача таълим вазири Агриппина Шин.

МТТ тарбияланувчилари ва ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш учун қуйидаги чоралар кўрилади:

  • кириш жойида одамлар тўлпаниб қолишининг олдини олиш учун тарбияланувчилар тасдиқланган жадвалга мувофиқ олиб келинади ва олиб кетилади. Уларни тарбиячилар қабул қилиб олади, боланинг вакиллари МТТ ҳудудига киритилмайди;
  • тоза ҳаводаги ўйинлар ва сайрлар пайтида турли гуруҳлардаги болалар, тарбиячилар ва уларнинг ёрдамчиларининг ўзаро алоқасига йўл қўйилмайди;
  • хоналарда кунига 3 марта ювувчи воситалар билан ва 1 марта дезинфекцияловчи воситалар билан нам тозалаш ишлари ўтказилади, шунингдек тез-тез фойдаланиладиган юзалар (эшик ва дераза тутқичлари, рамалар, столлар, чироқни ўчириш-ёқиш мосламалари) 4 марта дезинфекцияланади;
  • ҳар куни ўйинчоқлар, дидактик материаллар ва ускуналарга санитария ишлови берилади, шунингдек шийпончалар ва ўйин майдончалари тозаланади ва дезинфекция қилинади;
  • ўзаро алоқаларни чеклаш мақсадида ходимлар озиқ-овқат блокидан жадвал бўйича овқат олади. Идиш-товоқларни ювганда 1% дезинфекцияловчи эритмада экспозиция қўлланади. 

Хусусий мактабгача таълим ташкилотлари ўз раҳбариятининг қарорига мувофиқ очилади.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.