Бош прокуратура депутат Расул Кушербаев билан боғлиқ воқеаларга изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевга қарши айрим тадбиркорлар кўрсатма беришга мажбурлангани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Аввалроқ депутатнинг ўзи мазкур хабарларга муносабат билдирганди.
Бош прокуратура матбуот хизмат раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов мазкур хабарларга муносабат билдирди. Бош прокуратура вакили депутатга нисбатан прокуратура органлари томонидан қандайдир таъсир кўрсатишга уринилаётганини инкор этган. Ҳаёт Шамсутдинов бундай асоссиз иддаолар ортидан келиб чиқаётган шов-шувлар жамоатчилик фикрини чалғитиши баробарида, холис терговга таъсир қилиши эҳтимолини юзага келтираётганини таъкидлаган.
Таъкидланишича, Расул Кушербаевга нисбатан кўрсатма олиш учун гўёки «ҳиқилдоғидан олинаётган» тадбиркорларнинг важлари ҳам асоссиз. Улардан ўзларига нисбатан дастлабки тергов жараёнида руҳий ёки жисмоний босим ўтказилгани бўйича ҳеч шикоят келиб тушмаган. Айбланувчилар малакалий ҳуқуқий ёрдам олиш имкониятига эга, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.
Дастлабки тергов ҳужжатларга кўра, Б.Қўзиев Янгийўл туманида ташкил этилган «Қўшёғоч Олтин Файзли Балиқлари» МЧЖга норасмий равишда раҳбарлик қилиб келган. У ушбу жамиятга расман раҳбарлик қилиб келган укаси Ж.Зокиржонов билан олдиндан жиноий тил бириктириб, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 декабрдаги 983-сонли қарори билан тасдиқланган «Фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун кон ажратиш тартиби тўғрисида»ги низомга зид хатти-ҳаракатлар содир этган. Низомга кўра, қазиб олинган кенг тарқалган фойдали қазилмалар ва ерости сувларидан ер участкаси эгаси ёки фойдаланувчисининг хўжалик ёки маиший эҳтиёжлари учунгина фойдаланилиши керак, фойда олиш мақсадида қазиб олинган фойдали қазилмаларни бошқа корхоналар, ташкилотлар ва фуқароларга сотиш ёки беришга йўл қўйилмайди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг экспертиза хулосасида балиқ ҳавзасини ташкил этиш жараёнида қум-шағални бошқа истеъмолчилар ва корхоналарга фойда олиш мақсадида бериш ва сотиш қатъиян тақиқланганлиги кўрсатилган.
Маълум қилинишича, мазкур жамият учун қурилиш қурмаслик шарти билан балиқ боқиш учун сунъий ҳовуз қурилишини лойиҳалаштириш мақсадида Янгийўл туманининг Янгиҳаёт массивидан 11,8 гектар ер майдони ажратилган. «Қўшёғоч Олтин Файзли Балиқлари» МЧЖни бошқариб келган ака-ука мазкур ер майдонининг 4 гектар қисмидан балиқчилик ҳавзасини ташкил этиш мақсадида қазиб олинган жами 57,2 минг куб метр ҳажмдаги қум-шағал аралашмаларини иш ҳақи ва бошқа мақсадларда ҳисоб-китоб қилиш учун ҳудуддан олиб чиқиб кетилишига йўл қўйган.
Бу орқали мазкур шахслар юқоридаги низом талаблари ҳамда Ўзбекистон Президентининг «Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига зид равишда ҳаракат қилган.
Натижада макур фуқаролар ўзига ишониб топширилган ва унинг ихтиёрида бўлган давлат ва жамоатнинг қиймати 600 789 105 сўмлик жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Юқоридагиларга кўра, қўзғатилган жиноят иши доирасида Ж.Зокиржоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиниб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Унинг акаси терговдан яширингани сабабли унга нисбатан ҳам айни модда билан айб эълон қилиниб, қидирувга берилган.
Жиноят ишининг Ж.Зокиржоновга тегишли қисми бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган.
Шарҳлар