Нефтни қайта ишлаш заводлари ишдан чиққанидан кейин Россия Қозоғистондан ёқилғи сўрамоқда

Фото: зеркало.аз

Украина дронларининг зарбалари ва сув тошқинлари нефтни қайта ишлаш заводлари (НҚИЗ)да ишлаб чиқаришни ишдан чиқарганидан кейин бензин тақчиллиги таҳдиди туфайли Россия ҳукумати Қозоғистонга ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Reuters агентлиги учта саноат манбасига таяниб хабар беришича, Москва Қозоғистон ҳукуматидан Россияда тақчиллик юзага келган тақдирда бензин захирасини яратишни сўраган.

Агентлик суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, сўров ҳажми 100 минг тоннани ташкил этади. “Биз шартнома имзоладик, ҳамма нарса индикатив баланс доирасида расмийлаштирилди”, – дея тушунтиради манба Reuters агентлигига.

Агентликнинг бошқа  манбалари Қозоғистон Кремль сўровини бажара олишига шубҳа билан қарамоқда: мамлакатнинг бензин захиралари атиги 307 минг тонна АИ-92 ва 58,7 минг тонна АИ-95ни ташкил қилади. Ҳозирда фақат Атирау нефтни қайта ишлаш заводи К5 (Евро-5) экологик тоифали бензин ишлаб чиқариши мумкин, Чимкент нефтни қайта ишлаш заводида эса таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда (25 мартдан 8 майгача), Павлодар нефтни қайта ишлаш заводи эса кейинги (июнь-июль) ойда таъмирланиши режалаштирилган.

Аввалроқ санкциялар Россиядаги Украина ҳужумлари натижасида вайрон бўлган нефтни қайта ишлаш заводларини таъмирлашга тўсқинлик қилаётгани ҳақида ёзган эдик.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.