Боткен вилоят маъмурияти Ўзбекистон учун Сўх анклавига коридор тақдим этилиши ҳақидаги миш-мишларни рад этди (+)
Боткен вилояти ҳукумати ваколатли вакилининг матбуот хизмати Ўзбекистон учун Сўх анклавига коридор тақдим этилиши ҳақидаги миш-мишларни рад этди. Бу ҳақда Kloop нашри ёзади.
«2021 йил 11-12 март кунлари Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг Тошкентдаги расмий учрашувидан кейин қирғиз томони мамлакат ҳудудида жойлашган Сўх анклавига коридор тақдим этилиши ҳақидаги ёлғон миш-мишлар пайдо бўлди. Ушбу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дея хабар беради матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқаролари Сўх ҳудудига “эски қоидалар” бўйича ўтишлари мумкин, Боткен вилоятининг Қадамжой туманида яна назорат-ўтиш пункти (НЎП) очилади — у пандемия сабабли ёпилган эди.
«Музокаралар якунлари бўйича коронавирус инфекцияси пандемияси сабабли ёпилган “Кайтас” назорат пунктининг фаолиятини тиклаш келишилган. Қўшни давлат фуқаролари ушбу НЎП орқали аввалги тартибда ўтади, яъни уларнинг ҳужжатлари текширилади ва рўйхатдан ўтказилади. Ўзбекистонликлар Қирғизистон НЎП орқали киради ва ҳудудимиз бўйлаб Сўх туманигача боради, у ерда такрор текширилиб Ўзбекистоннинг Сўх туманига киради», — дейди Боткен вилояти ҳукуматининг ваколатли вакили Омурбек Суваналиев.
Аввалроқ мамлакат президентининг матбуот котиби Галина Байтерек мамлакат “Қирғизистон ҳудудида жойлашган Сўх анклавига давлат чегараси орқали эркин ҳаракатланиш учун транспорт ва авиаташувларни очишга тайёрлигини билдиргани” ҳақида маълум қилганди. Суваналиев эса бундай деган: “Сўх анклавига ҳаво йўлининг очилишига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг Сўх тумани билан боғлайдиган кичкина самолётлар учади”.
Шунингдек, Байтерек НЎПни ҳам тилга олганди. Унинг сўзларига кўра, давлат чегараси бўйлаб яна еттита НЎП фаолият кўрсатиши керак. Ўзбекистон эса юк оқими билан боғлиқ масалани ҳал қилади ва, эҳтимол, ҳужжатларни сканерлаш учун техника ҳам тақдим этиши мумкин. Байтерекнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон, ўз навбатида, Унгар Тоога даъвогарликдан воз кечади. Мамлакатлар Қирғизистон-Ўзбекистон чегараларини делимитация ва демаркация қилиш ишларини яқин уч ой ичида амалга оширишни хоҳламоқда.
Тўлдирилди: Ўзбекистон учун Сўх анклавига коридор тақдим этилиши ҳақидаги маълумотни Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг раҳбари Қамчибек Ташиев ҳам рад этди.
«Биз коридор бермаганмиз ва бермаймиз ҳам. Президент Садир Жапаровнинг нутқида бундай сўзлар бўлмаган. Анклав аҳолиси эркин ҳаракатланиши учун фақат назорат-ўтказиш пунктини очиш ҳақида келишилди. Биз Анклав чегарасини белгилаш ва унинг демаркациясини ўтказиш ниятидамиз. Агар шундай деб айтган бўлсак, унда бу бошқа гап бўларди», — деди у.
Фотосурат: Eurasia.net
Шарҳлар