Сенаторлар экологик аудит тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида “Экологик аудит тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар беради.

Мазкур Қонун экологик аудит субъекти амалга оширадиган хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш юзасидан экологик аудиторлик ташкилоти томонидан тизимли, ҳужжатлаштирилган ва мустақил баҳолашлар ўтказишни назарда тутади.
 
Шу билан бирга, Қонунда экологик аудиторлик ташкилотининг, экологик аудиторнинг, экологик аудит буюртмачисининг, экологик аудит субъектининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, экологик аудиторлик ташкилотининг жавобгарлиги, экологик аудит ўтказиш чоғидаги чекловлар, экологик аудиторга қўйиладиган талаблар назарда тутилмоқда.

«Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг бузилишининг олдини олиш ҳамда бартараф этиш имконияти яратилади. Шунингдек, табиатни муҳофаза қилишга оид тадбирлар самарадорлиги ортиши таъминланади», – дейилади хабарда.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.