Халқ таълими вазирлиги: Тошкентдаги айрим мактаблар онлайн-таълимга ўтади

Коронавирус кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Тошкентдаги айрим мактабларда ўқиш босқичма-босқич масофавий шаклга ўтказилмоқда, дея хабар беради Халқ таълими вазирлигининг матбуот хизмати.
 
Масофавий шаклга ўтадиган мактаблар тўғрисидаги маълумотлар мактаб раҳбарияти томонидан ота-оналарга синф раҳбарлари томонидан етказиб борилади.
 
«Масофавий таълим шаклига ўтказилган мактаб ўқувчилари машғулотларни “Онлайн-мактаб” лойиҳасининг теледарслари орқали ўзлаштиришлари мумкин. Шу боис ота-оналардан фарзандларига эфирга узатиладиган дарсларни кузатиб боришларида амалий ёрдам беришларини сўрайди», – дейилади хабарда.

Пойтахт ҳокимлигининг хабарида айтилишича, 16 мартдан бошлаб Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Юнусобод туманларидаги барча мактаблар 14 кунга онлайн-таълимга ўтказилади. “Пойтахтнинг қолган туманларида ўқиш баҳорги таътилларга қадар карантин талабларига тўлиқ амал қилган ҳолда давом этади”.
 
Сал аввалроқ Kun.uz нашри коронавирус аниқланган мактаблар карантинга ёпилиши ҳақида хабар берганди. Таътиллар 20 мартдан бошланиб 28 мартгача давом этади. 

«Баҳорги таътиллардан кейин нима бўлиши вазиятга қараб ҳал этилади. Ҳокимлик йиғилишида ана шундай вазифа қўйилди», – дейди нашр манбаси.

Ундан олдин эса Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик соғлиғи хизматининг Тошкент шаҳар бошқармаси раҳбари Малика Қудратхўжаева коронавирусга чалиниш ҳолатлари айниқса мактаб ўқувчилари ва талабалар, турли муассасалар ходимлари орасида юқори эканини қайд этганди. «Бу аҳоли ҳамда ташкилотлар ходимлари карантин қоидаларига амал қилмаётганидан далолат беради. Яъни жойларда ҳарорат текширилмаяпти, одамлар ишга ва мактабга касал бўлса ҳам боряпти ва бу билан бошқаларни ҳам хавф остига қўймоқда», – деганди у.

15 март куни Тошкентнинг Олмазор туманидаги 117-сонли мактабгача таълим муассасасининг фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. 13 март куни ушбу боғчанинг иккита тарбияланувчиси ва иккита тарбиячи-педагогида коронавирус аниқланган.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.