Бойсун туман ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган эски бозор ҳақидаги видеоматериалга ўз муносабатини билдирди
Бойсун тумани ҳокимлиги 2020 йилнинг 12 май куни ижтимоий тармоқлар орқали “Бойсун тумани ҳокими эски бозорни буздириб, савдогарларни янги бозорга ўтказмоқчи”, деган мазмунда эълон қилинган материал юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:
Бойсун туманининг “Мустақиллик” маҳалласи ҳудудидан “Деҳқон (озиқ-овқат) бозори” учун 1,67 гектар ер майдони ажратилиб, бу ерда замонавий талабларга мувофиқ савдо хизмати кўрсатиш учун барча шароитларга эга савдо мажмуаси қуриб битказилган.
Шу сабабли, “Тузбозор” маҳалласи ҳудудида жойлашган эски деҳқон бозорида савдо-сотиқ қилиб келаётган сотувчиларга ўз фаолиятларини ушбу янги бозорда давом эттириш тўғрисида огоҳлантирилиб келинмоқда.
Аммо, ушбу видео материалда нотўғри талқин қилинганидек, эски бозорга кираверишдаги чорраҳада турган экскаватор бу бозорни бузиш учун эмас, балки “Ўзбектелеком” АК вилоят филиали Бойсун телекоммуникация боғланмаси томонидан А.Навоий номли ҳамда “Истиқлол” кўчалари бўйлаб халқаро оптик толали алоқа кабелини ётқизиш мақсадида бу кўчада қазиш ишларини бажариш учунгина киритилган. Қолаверса, ушбу кўчаларда транспорт қатновининг вақтинча чекланиши бу ерда ишлаётган ишчи-ходимларнинг фаолият хавсизлигини таъминлаш учун қилинган.
Ушбу ҳолат фуқароларда тушунмовчиликни келтириб чиқарганлиги сабабли, туман ҳокимлиги ва бошқа алоқадор соҳа ходимлари бу ерда бўлиб, вазиятни уларга тўғри тушинтиришган. Ҳозирда мазкур англашилмовчилик билан боғлиқ муаммо йўқ. Бу кўчаларда халқаро оптик толали алоқа кабелини ётқизиш ишлари ўрнатилган тартибда давом эттирилади, – дейилади Сурхондарё вилоят матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Шарҳлар