Божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти қисқармоқда

Божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти қисқармоқда

2020 йил 1 ноябрдан бошлаб божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасига қараб 3 суткадан 1 суткагача қисқаради, дея хабар беради ЎзА Президент фармонига таянган ҳолда.
 
2020 йил 1 сентябрдан “Ягона дарча” божхона ахборот тизими чегара божхона постларида жорий этилади.
 
2020 йил 1 августдан темир йўл транспорти ташкилотлари ўзларининг ахборот тизимларини божхона органларининг ахборот тизимларига интеграциялаш орқали божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни божхона органларига реал вақт режимида беғараз тарзда тақдим этади.
 
Божхона назоратининг муқобил турларини қўллашни кенгайтириш орқали товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш ҳолатлари қисқартирилади, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Транспорт воситаларини вақтинчалик олиб киришда ташувчига реал вақт режимида электрон шаклда қайта олиб чиқиш муддати тугашидан олдин вақтинчалик олиб кириш муддатини узайтириш ва тегишли йиғимни тўлашни амалга ошириш имконияти тақдим этилади.

Шунингдек божхона органларига товар ва транспорт воситалари устидан улар сақланадиган ва сотиладиган жойларга чиққан ҳолда, божхона аудитини амалга ошириш; олиб кириладиган ва (ёки) олиб чиқиладиган товарлар ва транспорт воситалари ҳисоби, жумладан, бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи ҳужжатлари, шунингдек, дастлабки ҳужжатлар юритилиши устидан текширувни амалга ошириш ҳуқуқлари ҳам берилди.

Бош саҳифадаги фотосурат: UzReport

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.