«Бу – биз учун жуда уятли ҳодиса»: Солиқ қўмитасининг раиси Олмалиқдаги вазиятга муносабат билдирди

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев солиқ органи ходимлари сотувчи аёлларнинг буюмларини тортиб олишга уринган ҳолат акс этган видео бўйича муносабат билдирди. Маълум бўлишича, бу ҳолат Олмалиқ шаҳрида содир бўлган, деб ёзади Kun.uz.
 

Скрин: Kun.uz

«Ўзим ҳозир Самарқанд вилоятида хизмат сафаридаман. Ваъда бераман, қайтиб боришим билан Олмалиқдаги ҳодиса юз берган жойда бўламан. Лекин унгача кутмасдан ўша ўзини ноўрин тутган ходимларга нисбатан тегишли жазо чоралари кўрилади», – дейди у.

Шерзод Кудбиев солиқ органлари куч ишлатмаслиги кераклигини таъкидлади.

«Бу бизга ҳечам ярашмайди. Солиқ органлари куч ишлатар идора эмас, балки тадбиркорларимизга кўмакчи бўладиган идора. Лекин шундай аянчли ҳолатлар ҳам юз беряпти. Биз буни илдизи билан юлиб ташлашимиз керак», – дея хулоса қилади ДСҚ раҳбари.

Кеча ижтимоий тармоқларда солиқ органларининг ходимлари сотувчи аёллардан буюмларини тортиб олишга уриниб, улардан бирини ерда судраб кетаётгани акс этган видео тарқалганди.

Ушбу жараённи суратга олган аёлнинг сўзларига кўра, автомобилда келиб, аёлларнинг буюмларини тортиб олган шахслар солиқ органларининг ходимлари ҳисобланади.

Аёллардан бири буюмларини беришни истамаган, шунда солиқ органларининг ходими уни ер бўйлаб судраб, сумкасини куч билан олиб қўйган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.