Бўстонлиқ тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари 35 минг доллар пора олганликда гумон қилиняпти
ДХХ, Прокуратура ва Департамент томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Республика вазирликларидан бирида масъул лавозимда ишловчи мансабдор шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
У Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокимининг ўринбосари лавозимида ишлаган даврида хизмат ваколатини суиистеъмол қилиб, Хўжакент МФЙдан маҳаллий тадбиркорга 30 сотих ер майдони ажратилиши учун туман ҳокимининг тегишли қарорини чиқартириб бериб, эвазига ундан 35 минг АҚШ доллари олган.
Лекин, кейинроқ назорат органлари томонидан туманда ўтказилган хатлов натижасида ҳокимнинг ерга эгалик ҳуқуқини берувчи ушбу қарори бекор қилинган. Мазкур мансабдор шахс муқаддам олган пулидан 8900 АҚШ долларини қайтариб берган вақтида ушланган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб кўрилмоқда.
Шарҳлар