Cенат ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун жиноий жавобгарликни жорий этувчи қонун тузатишларини маъқуллади
Энди ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун нафақат жарима, балки хибчга олиш, ахлоқ-тузатиш ишлари ва озодликдан маҳрум этиш ҳам жорий этилиши мумкин. Олий Мажлис Сенати 28-29 май кунлари бўлиб ўтган ялпи мажлисида қонунчиликка тегишли тузатишларни маъқуллади. Бу ҳақда “Газета” нашри хабар беради.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) қуйидаги кўринишда кучайтирилмоқда:
«Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади».
Ҳозирда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаганлик учун БҲМнинг 1 дан 3 бараваригача жарима солинади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик такроран ёхуд вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилса, — БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача жаримага тортилади.
Сенат томонидан Жиноят кодексига янги 202−1-модда (Ҳайвонлар билан шафқатсиз муносабатда бўлиш) киритилиши ҳам маъқулланди.
«Мазкур моддага кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни ғаразли ёки бошқа мақсадларда уларга азият етказиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаганлик учун маъмурий чора қўлланилганидан кейин такроран содир этилса, БҲМнинг 25 дан 50 барваригача жарима, 240 соатгача жамоат ишлари, 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача озодликни чеклаш ёки 6 ойгача қамоқ жазоси қўлланилади».
Шарҳлар