Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатни йўқ қилиш борасидаги “сезиларли ютуқларини” қутлади

Cotton Campaign халқаро коалицияси Ўзбекистонда 2020 йилги пахта кампаниясини мониторинг қилиш натижалари бўйича баёнотни чоп этди, деб ёзади “Газета” нашри.
 
Унда 2020 йилда мамлакатдаги пахта йиғим-теримларида мажбурий меҳнатга барҳам беришда «сезиларли ютуқлар» бўлгани ҳамда сўнгги 10 йилда илк бор мажбурий меҳнат ҳолатлари ҳужжатлаштирилмагани қайд этилади.

Шунга қарамай, Cotton Campaign алоҳида кузатувчиларга асосланган ҳолда хабар беришича, йиғим-терим давомида мансабдор шахслар томонидан уюштирилган мажбурий меҳнат ҳолатлари, шунингдек давлат хизматчилари ўзларининг маошларининг бир қисмини пахта теримчиларини ёллаш учун тўлашлари шарт бўлган ҳолатлар кузатилган.

«Ўзбекистонда ишончли глобал етказиб берувчига айланиш имконияти бор, аммо бунинг учун брендлар ва чакана сотувчилар етказиб берувчиларнинг масъулиятли танловини тасдиқлашлари учун шаффоф мониторинг ва бошқарув моделлари талаб этилади», — дея таъкидлаган АҚШ мода саноат ассоциацияси (USFIA) президенти Жулиа Хьюз баёнотда.

Коалициянинг баёнотига кўра, Ўзбекистон ислоҳотлар жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва мустақил касаба уюшмалари каби фуқаролик кучларини ривожлантириш имкониятларини кенгайтириш ўрнига, кўпроқ хусусийлаштириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалаларига устувор аҳамият бермоқда.
«Брендлар маҳсулотларни таъминот занжирида қулай муҳит ярата оладиган кучли мустақил фуқаролик жамиятларига эга бўлган мамлакатлардан олишни исташади», — дейилади Cotton Campaign баёнотида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.