Электр тармоғига уланганлик учун тўловни бир марталик қилиш таклиф этилмоқда

Қонун ҳужжатлари лойиҳалари муҳокамаси порталида жисмоний ва юридик шахсларни электр тармоқларига улаш бўйича янги маъмурий регламент лойиҳаси эълон қилинди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар беради.
 
Унга кўра, истеъмолчиларни электр тармоқларига улаш Махсус онлайн платформа, Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилинган ҳолда 3 тоифага бўлинади:
 
– қуввати 20 кВтгача – фақат Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси (ҲЭТК) томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдоридаги тўлов эвазига 10 иш куни муддатда;
– қуввати 20 кВтдан 50 кВтгача – фақат ҲЭТК томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баравари миқдоридаги тўлов эвазига 20 иш куни муддатда;
– қуввати 50 кВтдан юқори – ҲЭТК ишлаб чиққан техник шартлар Онлайн платформага қўйилиб, тадбиркорлик субъектлари ва ҲЭТК ушбу техник шартга кўра ўзларининг тайёр ҳолда улаш шартномаларини истеъмолчига тақдим этади – тўлов ва муддатлари истеъмолчи томонидан танланган ва офертага мувофиқ имзоланган шартномада кўрсатилади.
 
амалдаги маъмурий регламентга кўра техник шарт учун БҲМнинг 10 фоизи тўланганидан сўнг созлаш-ишга тушириш нархлари келиб тушадиган тижорат таклифлари асосида истеъмолчи томонидан мустақил танланади – ва ҲЭТКда ўз таклифини истеъмолчига киритиш ҳуқуқи мавжуд холос.

UzNews нашрининг қайд этишича, бир марталик тўлов суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

• 97% – «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳисобрақамига;
• 2% – «Ўзэнергоинспекция» ҳисобрақамига;
• 1% – тендер якунлари бўйича ELEKTR онлайн-платформасини яратган ташкилот ҳисобрақамига.

Лойиҳа муҳокамаси 2021 йил 4 апрелгача давом этади.

Бош саҳифадаги фотосурат: t.me/hetmuloqot

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.