«Етимлар учун қамоқхона шароитлари»: болалар омбудсмани ёпишни талаб қилган болалар уйи қандай кўринишда

Темир кружка, сасиган гўшт ва бетон пол. Бундай шароитни қамоқхонада эмас, болалар муассасасида кўриш мумкин. Яқинда Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 5-сонли меҳрибонлик уйининг фаолияти қаттиқ танқид остига олинди, бу ерда 65 та тарбияланувчи яшайди, деб ёзади “Новости Кашкадарьи” нашри.

Ўтган ҳафтада вилоятга Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили ташриф буюрди. Мақсад – ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг яшаш шароитлари ва тарбиясини ўрганишдан иборат эди.
 
Нашрнинг қайд этишича, бу ерда эски, емирилган мебель, бетон поллар ва тўлиқ антисанитария ҳукм сурмоқда.


 
«Болалар уйидаги муҳит умуман уй муҳити эмас. Деярли барча хоналарда унча катта бўлмаган гиламлар бўлишига қарамасдан, улар иссиқлик ва шинамлик ҳиссини бермайди. Ҳамма жойда ўтган асрнинг 80-йилларидан қолган бетон плитани кўриш мумкин. Эскирган ва ўз хизмат муддатини аллақачон ўтиб бўлган диванларга худди шундай эски адёллар тўшалган».

“Нон ифлосланган шакар ва ун қоплари устида ётибди, гўшт кўк рангга кирган бўлиб, ундан сассиқ ҳид анқимоқда, ярим чириган сабзавотлар полда янги узилган кўкатлар билан бирга ётибди”, – деб ёзади нашр.


 

«Ақлга сиғмайди, аммо чириган картошка орасида меҳмонлар ҳатто янги йил совғаларини ҳам топиб олишди, улар ҳақида Меҳрибонлик уйининг масъуллари унутган кўринади. Демак, болаларга бериб юборилган нарсаларнинг кўпчилиги исроф бўлиб кетяпти». 

Омборхонада ишчи гуруҳ вакиллари анча-мунча айниб қолган маҳсулотларни топишди, уларнинг орасида гўшт маҳсулотлари бор эди, шунингдек тарози ҳам йўқ эди.


 
«Давлат қарамоғида бўлган болалар нима билан озиқланганини тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат. Бу ерда болаларнинг тўлақонли ва мувозанатлаштирилган овқатланиши ҳақида умуман ўйлашмаган кўринади. Меҳмонлар болалардан шарбат ичиши ёки йўқлиги ҳақида сўраши билан улар қатъий “йўқ” деган жавобни эшитишди. Шарбат у ёқда турсин, тарбияланувчилар чойни металл кружкаларда ичишади».

Нашрнинг ёзишича, болалар дам оладиган хона бўм-бўш. “Деворга фақат телевизор ўрнатилган, тарбияланувчиларнинг сўзларига кўра, уни ҳеч қачон ёқишмайди. Хонада стуллар йўқ, фақат скамейка ва бир нечта кўрпача бор. Дам олиш жиҳозларининг бутун ассортименти шундай иборат”.

Вилоят халқ таълими бошқармасининг маълумотларига кўра, ушбу Меҳрибонлик уйининг директори ва хўжалик бўлими мудири ишдан бўшатилган. Бош прокуратуранинг қайд этишича, директор ўринбосари интизомий жавобгарликка, хўжалик бўлими мудири ва парҳезшунос эса маъмурий жавобгарликка тортилган.
 
Вилоят прокуратураси берган маълумотга кўра, ушбу ҳолат бўйича ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, у прокурорнинг шахсий назорати остида вазиятни ўрганмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг қайд этишича,  тарбияланувчиларнинг ҳаммаси ҳудудий кўп профилли тиббиёт марказида чуқур тиббий кўрикдан ўтказилган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош педиатри Ғайрат Олмосовнинг сўзларига кўра, кўрикдан ўтишдан олдин болалар зарур таҳлилларни топширган, жараёнга эса бутун вилоятдан тор профилли мутахассислар жалб этилган.

Фотосурат: Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот хизмати

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.