ЕТТБ тиббий қўлқоплар ишлаб чиқариш бўйича учинчи линияни ишга тушириш учун Healthline компаниясининг кредитини маъқуллади

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Covid-19 пандемияси ссабабли мамлакатда арзон тиббий маҳсулотларга бўлган талабнинг сезиларли даражада ошиши муносабати билан ўзининг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтирмоқда. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига банк матбуот хизмати маълум қилади.

«2,8 млн АҚШ долларига тенг бўлган маҳаллий валютадаги катта кредит бир марта ишлатиладиган тиббий буюмларни ишлаб чиқарувчи ва сотувчи маҳаллий Healthline компаниясига бир марта қўлланадиган тиббий қўлқопларни ишлаб чиқариш бўйича учинчи линияни ишга тушириш имконини беради. Маҳаллий валютадаги маблағлар қарз олувчини валюта таваккалларидан ҳимоя қилади», – дейилади хабарда.

Янги ишлаб чиқариш линияси 2021 йилнинг биринчи чорагида ишга тушади ва Healthline компаниясининг Тошкентдаги асосий ишлаб чиқариш майдонини кенгайтиришга ёрдам беради. Шунда компания мунтазам ўсиб бораётганбир марталик тиббий маҳсулотларга бўлган ички талабни қондиришга қодир бўлади. Шунингдек Healthline компанияси Марказий Осиё мамлакатларига экспортни ошириши ҳамда маҳсулот билан Россия, Европа ва Шимолий Америка каби янги бозорларга ҳам чиқиши мумкин.

Қайд этиб ўтамиз, ЕТТБ бугунги кунга келиб Ўзбекистондаги 85 та лойиҳага 1,92 млрд евро инвестиция қилишга улгурди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.