ЕТТБнинг биринчи вице-президенти Ўзбекистонга ташриф буюради

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг биринчи вице-президенти  Юрген Ригтеринк бошчилигида делегация 7-9 июнь кунлари ҳукумат ва бизнес вакиллари билан учрашувлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига банк матбуот хизмати маълум қилди.
 
ЕТТБ делегацияси бош вазир ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири ва ЕТТБ бошқарувчиси Сардор Умурзоқов ҳамда бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров билан учрашувлар ўтказади. Учрашувларга ЕТТБнинг Марказий Осиё бўйича янги бошқарувчи директори Жужанна Харгитай ҳам қўшилади.

Ташриф давомида Юрген Ригтеринк Урганчда ЕТТБнинг янги минтақавий офиси очилиши маросимини ўтказади. 

«Шунингдек у инфратузилма ва молиявий сектор соҳасида лойиҳавий келишувларни имзолайди ҳамда эколошик хавфсиз чораларни илгари сурадиган ва Ўзбекистон томонидан 2050 йилгача углерод нейтраллигига эришишга кўмаклашувчи бир нечта ташаббусларни бошлаб беради».

Бундан ташқари, ЕТТБ биринчи вице-президенти ЕТТБнинг мамлакатдаги иш бўйича ҳамкорларининг олий раҳбарияти, йирик халқаро инвесторлар ва халқаро молиявий тагкилотларнинг маҳаллий вакиллари билан учрашади.

Бугунги кунга келиб ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётига 92 та лойиҳа доирасида 2 млрд евродан ортиқ маблағни инвестиция қилган.

Фотосурат: Georgia Today

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.