Фарғона вилоятида унитар корхона раҳбари 1,5 млрд сўм маблағни талон-тарож қилган

Фарғона вилоятида прокуратура органлари томонидан “Invest qurilish suv montaj” унитар корхонаси, вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси (ҳозирда “Фарғона сув таъминоти” МЧЖ) мансабдор шахслари ва бошқалар томонидан содир этилган жиноят фош этилди. Тергов ҳаракатлари давомида улар томонидан жуда кўп миқдордаги маблағ талон-тарож қилгани аниқланди, деб ёзади ЎзА.

Вилоятнинг Данғара туманидаги “Катта бойбуча” ва “Боғиш”, Бувайда туманида “Беглар”, “Қўнғирот” ва “Маслаҳат” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда Фарғона туманидаги “Миндонобод” 4-мавзесига ҳали-ҳануз ичимлик суви етиб бормаяпти. Чунки 2018-2019 йилларда қуриб битказилган ичимлик суви тармоқлари бош пудратчи “Invest qurilish suv montaj” унитар корхонаси, ёрдамчи пудратчи Фарғона вилояти “Сувоқова” давлат унитар корхонаси мансабдор шахслари ва бошқалар томонидан амалда бажарилмаган 93 миллион 999 минг сўмлик ишлар ҳужжатларда қўшиб ёзилмаган, полиэтилен қувурлар нархи асоссиз равишда 92 миллион 620 минг сўмга кўп кўрсатилиб, жами 186 миллион 620 минг сўм бюджет маблағи талон-тарож қилинган.
 
Хусусан, Фарғона вилояти “Сувоқова” давлат унитар корхонаси ва “Сантех таъмир электро монтаж” масъулияти чекланган жамияти мансабдор шахслари ўзаро тил бириктиришган. Натижада ушбу “битим” туфайли 154 миллион 297 минг сўм маблағ талон-тарож қилинган. Фарғона вилояти “Сувоқова” ДУК ва “Zamin qurilish mоntaj” МЧЖ мансабдор шахслари яна тил бириктириб, 2019 йил 5 февралдаги 1-сонли пудрат шартномасига асосан 500 миллион сўмдан зиёд маблағни “туя” қилишган.  
 
“Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбари Фаррух Қодиров жиноятига хотини Гулшаной Усмоновани ҳам шерик қилган. Хусусан, Фарғона вилояти “Сувоқова” ДУКнинг 2018-2019 йилларда туман-шаҳар сув таъминоти объектларидаги 334 дона электр ҳисоблагични янгисига алмаштиришда якка тартибдаги тадбиркор “Усмонова Гулшаной Неъматовна” бош-қош бўлганлиги кўрсатилиб, вилоят “Сувоқова” ДУК ҳисоб рақамидан 228 миллион 483,5 минг сўм маблағ унинг ҳисоб рақамига ўтказилиб оилавий бюджетни “қаппайтиришган”.

Жиноят иши ҳужжатларига кўра, Фарғона вилояти “Сувоқова” ДУК раҳбари Ф.Қодиров бир гуруҳ шахслар билан жиноий тил бириктириб, фаолияти давомида 1 миллиард 505 миллион 399,9 минг сўм маблағни талон-тарож қилиш йўли билан ўзлаштириб юборган. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.