ЎФФ: Биз Ўзбекистон термасига Авраам Грант мураббий бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаганмиз

ЎФФ: Биз Ўзбекистон термасига Авраам Грант мураббий бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаганмиз

Таниқли исроиллик мутахассис Авраам Грант Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқаришга тайёрлиги ҳақида сўз бораётган турли ОАВ материалларида манба нотўғри кўрсатилган.  

Ўзбекистон футбол федерациясининг (ЎФФ) расмий сайти Авраам Грант билан боғлиқ ҳеч қандай материални чоп этмаган, бироқ яқинда Россиянинг “Интерфакс” агентлиги ЎФФнинг расмий сайтига таянган ҳолда “Челси” (Лондон) жамоасининг собиқ мураббийси Ўзбекистон термасини бошқаришга тайёрлиги ҳақида хабар берган.

Айни пайтда www.the-uff.com сайти Ўзбекистон футбол федерациясининг расмий сайти ҳисобланади. Мазкур веб-ресурс ФИФА ва ОФКда рўйхатга олинган. Ўзбекистон терма жамоалари билан боғлиқ янгиликларнинг расмий манбаи Ўзбекистон футбол федерациясининг матбуот хизмати ҳисобланади. Бошқа манбалардан олинган материаллар тасдиқланмаган ва асоссиз  бўлиши мумкин, деб ёзади ЎФФ матбуот хизмати.

Россиянинг “Интерфакс” агентлиги Uff.uz янгиликлар сайтини Ўзбекистон футбол федерациясининг the-uff.com сайти билан адаштириб юборган. Авраам Грант ҳақидаги янгилик бир зумда интернетда нотўғри манба билан тарқалиб кетган. Уни маҳаллий нашрлар ҳам босиб чиқарган. Хусусан, мазкур хабарда агар шундай таклиф тушса, Авраам Грант Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга тайёр экани айтилади.
  
Бу Россия оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ҳақидаги материалларда хатоликка йўл қўйган биринчи ҳолат эмас.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.