Фуқароликни олиш учун ўзбек тилини билиш мажбурий қилиб қўйилиши мумкин
Янги таҳрирдаги Фуқаролик тўғрисидаги қонун билан мулоқот учун зарур бўлган доирада давлат тилини билиш талаби киритилмоқда, дея хабар беради Gazeta. Давлат тилини билиш даражасини белгилаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати иккинчи ялпи мажлисда янги таҳрирдаги Фуқаролик тўғрисидаги қонунни маъқуллади.
Фуқароликка қабул қилиш бўйича умумий тартибдан ташқари соддалаштирилган ва истисно тартиблари ҳам жорий этилмоқда. Соддалаштирилган қабул қилиш тартиби чет эл давлати фуқароси бўлган юртдошимизга ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан қуйидаги ҳолларда қўлланади:
· агар у Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қиладиган ва республика фуқароси ҳисобланган ҳеч бўлмаганда битта яқин қариндошга эга бўлса;
· қонуний ҳаёт кечириш манбаига эга бўлса;
· Ўзбекистон Конституциясига амал қилиш мажбуриятини олса;
· давлат тилини мулоқот учун зарур бўлган доирада билса.
Истисно тартиби доирасида президент, миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон фуқаролигини хорижий давлатлар фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тақдим этиши мумкин.
Шарҳлар