«Гавчег» бошпанасининг асосчиси уни уришгани ҳақида билдирди
Унинг тос суяги синган ва мияси чайқалган.
5 февраль куни ижтимоий тармоқларда дайди жониворлар учун “Гавчег” бошпанасининг асосчиси Сергей Руснакнинг дўппосланиш тафсилотлари баён этилган хабарлар пайдо бўла бошлади. Бу ҳақда «Mehr va oqibat» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти хабар беради.
Фотосурат: «Mehr va oqibat»
Сергейнинг сўзларига кўра, ўша куни у “ушлаш” хизматини чақирган аёл билан чақириқни бекор қилиш бўйича келишиб олмоқчи бўлган.
«Мен унга тез-тез озиқ-овқатлар билан ёрдам берардим, унинг уй ҳавонларини даволардим, боқардим. Муаммо чиқади деб ўйламагандим. Аммо унинг мен олдин кўрмаган жияни чиқди. Менинг бошимга урди, мен хушимдан кетибман. Кейин роса калтаклаган – бу ҳақда менга қўшнилар айтишди», – дейди Сергей.
Сергейнинг қўшнилари айтишича, дачалар посёлкасида юрадиган итларнинг ҳаммаси – бу одамлар томонидан кўчага улоқтирилган уй ҳайвонлари. Ўша куни посёлкада истиқомат қилувчи фуқаролардан бири Дайди ҳайвонларни ушлаш хизматини чақирган. Қўшнилар бу аёл ҳам карантин пайтида ўз итларини мустақил равишда озуқа топиб ейишни ўрганишлари учун кўчага чиқариб юборганини, чунки уларни боқишга қийналганини эслашади. Бу аёл авваллари ҳам бир неча марта Сергейга ёрдам сўраб мурожаат қилган, карантин даврида эса зооҳимоячи унга ва унинг уй ҳайвонларига ёрдам берган: бошқа жониворлар сингари уларни боққан ва даволаган.
«Чақирув бўйича Дайди ҳайвонларни ушлаш хизмати ходимлари келган ўша куни улар аёлга далалар бўйлаб югуриб итларни ушламасликларини, фақат отиб ташлашларини дарров айтишган, бироқ бунинг учун участка инспекторининг рухсати керак бўлган. Ушлаш хизмати чақирилгани ҳақида Сергей билганидан сўнг, у чақирувни бекор қилдириш учун аёл билан келишиш учун келган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Сергей уйга яқинлашганида уни орқасидан бошига ғишт билан уришган ва у ҳушидан кетган. Уни Ўртасарой посёлкасидаги 44-мактабнинг 11-синфида ўқийдиган аёлнинг жияни урган. Кейин ёш йигит хушсиз ётган Сергейнинг бошига қозон билан урган, устига чиқиб олиб сакраган ва унга қараб ғишт отган», – дейилади хабарда.
Жамият маълумотларига кўра, воқеага гувоҳ бўлган қўшни аёл уни тўхтатишга уринган, аммо йигит уни итариб юбориб, Сергейни уришда давом этган.
Сергейга тос суягининг синиши ва мия чайқалиши ташҳиси қўйилган. Унинг сўзларига кўра, ички ишлар бўлими ходимлари у касалхонада ётган пайтда ундан ариза олган.
«Қўнғироқ қилишди, саволлар беришди. Айтишларича, ҳозир уни излашаётган экан. Ўша воқеадан кейин на уйига, на мактабига борган».
Anhor.uz нашрида мақола чоп этилган пайтга ички ишлар органларининг шарҳини олиб бўлмади.
Шарҳлар