Гематология хизматини ривожлантиришга 546,5 млрд сўм ва 70,7 млн АҚШ доллари ажратилади
Ўзбекистонда Гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасида гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш ҳамда онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида сўз боради.
Республика ва ҳудудий тиббиёт муассасаларининг гематологик касалликларини даволаш учун зарур бўлган дори воситалари билан таъминланганлик даражасини 2020 йилда 6 баробарга ва кейинги йилларда босқичма-босқич ошириб борилади.
Дастурга мувофиқ гематологик касалликларга ташхис қўйиш учун тиббиёт муассасаларининг лабораторияларини реагентлар билан таъминланганлик даражаси 7,5 баробарга оширилади. Шунингдек гематология хизматини ривожлантириш учун 546,5 миллиард сўм ва 70,7 миллион АҚШ доллари ажратилиши назарда тутилган
Бундан ташқари, Гематология ва трансфузиология хизматларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. У 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ва кейинги беш ўқув йили давомида “Гематология ва трансфузиология” мутахассислиги йўналиши бўйича магистратура ва клиник ординатурада кадрларни давлат грантлари асосида тайёрлашни кўзда тутади.
Бундан олдин биз гематология хизматида дори-дармонлар билан таъминлаш муаммолари ҳақида ёзгандик.
Шарҳлар