Ҳокимлар кам ҳосилли токзорлар ва боғларни ҳайдаладиган майдонга айлантириши мумкин
Боғлар ва токзорларни яроқсиз деб белгилаш, уларнинг ўрнига интенсив боғлар ва токзорларни яратиш ёки уларни ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш ишлари шаҳар ва туман ҳокимлари томонидан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш Агентлиги ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги билан келишган ҳолда амалга оширилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг “Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосилли боғлар ва токзорларни яроқсиз сифатида белгилаш тартиби тўғрисидаги низоми”да сўз боради.
Фермер хўжалигининг ёки бошқа қишлоқ хўжалик ташкилотининг раҳбари, ҳокимнинг яроқсиз боғлар ва токзорлар ўрнида интенсив боғларни ва токзорларни яратиш ёки уларни ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш ҳақидаги қарори асосида, олти ой ичида боғлар ва токзорларни бузиш, далаларни дарахтлар қолдиқларидан тозалаш ҳамда интенсив боғлар ва токзорлар яратиш бўйича ишларни амалга оширади.
Ушбу тадбирлар белгиланган муддатда бажарилмаса, ҳокимлик ер участкасининг ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
2020 йилдан бошлаб ҳар йили 1 октябрга қадар иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосилли боғлар ва токзорларнинг манзилли рўйхати шакллантирилади.
Ушбу процедуралар, деҳқон хўжаликларидан ташқари, боғлари ёки токзорлари бўлган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалик ташкилотларига тааллуқли.
Шарҳлар